platina.uz
Tashkent Content Market — 4–5 fevral 2027, tcm.uz
Жамият

Шавкат Мирзиёев тил байрами муносабати билан табрик йўллади

Президент ўзбек тилидан бугунги рақамли муҳитда ҳам тўлақонли фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш зарурлигини таъкидлади. Бунинг учун сифатли матнлар ва нутқ намуналарини жамлаш, электрон луғатлар, таржима ва таҳрир воситаларини ривожлантириш алоҳида аҳамиятга эга.

Шавкат Мирзиёев тил байрами муносабати билан табрик йўллади

Президент Ўзбекистон халқини 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни билан табриклади.

"Ўзбекистон – турли миллат ва элат вакиллари ягона оила бўлиб, биргаликда янги ҳаёт ва келажак барпо этаётган умумий Ватанимиздир.

Ўз тилимиз давлат тили сифатида фуқароларимизнинг мулоқот тилига айланиб, уларнинг жамият ҳаётида фаол иштирок этишларига хизмат қилаётгани барчамизни албатта қувонтиради.

Айни пайтда ҳар бир инсоннинг она тили ва маданий қадриятларига ҳурмат ва эътибор – жамиятдаги дўстлик ва ҳамжиҳатликнинг муҳим асоси эканини ҳам биз яхши тушунамиз. Шу боис юртимизда қорақалпоқ тили ва бошқа тилларнинг ривожини қўллаб-қувватлаш, ўзбек тилини ўрганиш учун қулай шароитлар яратиш борасидаги ишлар ўзаро уйғун ва бир-бирини тўлдирадиган ҳолда олиб борилмоқда.

Давлат тилини билиш, ҳеч шубҳасиз, инсонга янги билим ва имкониятлар эшигини очади, уларда умумий ҳаётимиз, истиқболимиз учун дахлдорлик ҳиссини кучайтиради. Бу борада ўзбек тилини эндигина ўргана бошлаган инсонга самимий муносабатда бўлиш, унинг интилишини қўллаб-қувватлаш айниқса муҳимдир", дейилади табрикда.

Тилнинг ҳаётимиздаги ўрни, аввало, ундан қанчалик самарали фойдаланиш даражаси билан боғлиқ. Бола ўз фикрини равон баён эта олса, талаба мураккаб мавзуни тушунган ҳолда ўрганса, фуқаро расмий ҳужжат мазмунини осонгина англаса – тил тараққиётининг натижаси айнан шунда кўринади.

Шунинг учун таълим соҳасида асосий эътиборни ўқувчининг ўқиш, тушуниш, гапириш ва саводли ёзиш кўникмаларига қаратишимиз керак. Ўзбек тилини она тили сифатида ўрганаётган бола билан уни давлат тили сифатида эгаллаётган ўқувчининг эҳтиёжлари ўртасида албатта фарқ бор. Дарслик ва ўқитиш усулларини янгилашда бу албатта ҳисобга олиниши лозим, дея таъкидлайди давлат раҳбари.

Яна бир долзарб вазифа – ўзбек тилидан бугунги рақамли муҳитда ҳам тўлақонли фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш зарур. Бунинг учун сифатли матнлар ва нутқ намуналарини жамлаш, электрон луғатлар, таржима ва таҳрир воситаларини ривожлантириш алоҳида аҳамиятга эга.

Нутқни матнга, матнни овозга айлантирадиган технологиялар таълимда, меҳнат жараёнида ва кундалик ҳаётда одамларга қулайлик яратиши керак. Бундай ресурсларни тайёрлашда муаллифлик ҳуқуқи ва шахсий маълумотлар ҳимоясига оид қоидаларга амал қилиниши лозим.

"Сунъий интеллект воситаларининг давлат тилидаги сифати уларнинг инсонга қанчалик аниқ ва фойдали ёрдам бераётгани билан баҳоланади. Ёзув ва имло масалаларида ҳам асосий мезон одамларнинг ўқиши, ёзиши ва ахборотдан фойдаланиши учун қулайлик бўлиши керак. Бу борадаги ечимлар илмий асос, жамоатчилик билан мулоқот ва амалий тайёргарликка таяниши лозим. Таълим, нашриётлар ва рақамли тизимларнинг ўзаро мувофиқлиги, турли авлодларнинг эҳтиёжлари пухта ҳисобга олиниши зарур", дея таъкидланади табрик матнида.

Телеграмда кузатиб боринг!

Тавсия этамиз

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid