Туркия Халқаро астронавтика конгрессига мезбонлик қилади
5-9 октябр кунлари Белекда 77 Халқаро астронавтика конгресси (IAC) бўлиб ўтади. 2026 космик соҳадаги илмий ишланмалар, маҳсулотлар ва илғор технологияларни намойиш этиш учун муҳим майдон бўлади.

Туркия 2026 йилда дунё миқёсидаги нуфузли тадбирларга мезбонлик қилиб, халқаро майдондаги мавқеини янада мустаҳкамламоқда. Бу жараёнда Турк Ривиерасининг етакчи сайёҳлик маркази Анталия алоҳида ўрин тутади. Туризм билан бир қаторда, шаҳар осмон жисмларини ўрганиш анъаналари билан ҳам танилган. Сакликентдаги Бакирлитепе тоғида, денгиз сатҳидан 2500 метр баландликда жойлашган TÜBİTAK Миллий расадхонаси (TUG) бунинг ёрқин далилидир. Шаҳарнинг космик йўналишдаги бу салоҳияти эндиликда халқаро миқёсдаги анжуман орқали янада кенг намоён бўлади.
5-9 октябр кунлари Белекда 77 Халқаро астронавтика конгресси (IAC) бўлиб ўтади. Конгресс Туркия Саноат ва технологиялар вазирлиги, Туркия Космик агентлиги (TUA) ҳамда САҲА Истанбул авиация-космик кластери ҳамкорлигида ташкил этилиб, глобал космик ҳамжамиятни илк бор Туркияда бирлаштиради. Тадбир Туркиянинг энг йирик конференция мажмуаларидан бири - NEST Конгресс марказида ўтказилади.
Турли мамлакатлардан келадиган астронавтлар, халқаро компаниялар вакиллари ва 10 мингдан ортиқ иштирокчини жамлайдиган IAC 2026 космик соҳадаги илмий ишланмалар, маҳсулотлар ва илғор технологияларни намойиш этиш учун муҳим майдон бўлади. Конгресс дастуридан тажриба алмашиш ва космик саноат келажагини муҳокама қилишга қаратилган сессиялар, халқаро кўргазмалар, юқори даражадаги расмий учрашувлар, компаниялар тақдимотлари, академик ва техник йиғилишлар, шунингдек, соҳадаги энг илғор ютуқлар намойиши ўрин олади.
Конгресс Туркиянинг бой маданий мероси ва меҳмондўстлик анъаналарини акс эттирувчи тантанали очилиш маросими билан бошланади. Тадбир давомида астронавтлар, айниқса, талабалар ва ёш мутахассислар билан учрашиб, космик парвоз ҳақидаги бевосита таассуротларини улашади. Конгресс дастурининг энг ёрқин воқеаларидан бири эса қадимий Аспендос театрида ўтказиладиган IAC 2026 гала кечаси ва зиёфати бўлади.
Конгресс “Дунёга кўпроқ космос керак” шиори остида ўтказилади. Мазкур шиор коинотни барқарор ва адолатли тарзда ўрганишга чорлайди ҳамда космосни хавфсиз ва барчага очиқ тарзда тадқиқ этиш, асраш заруратини таъкидлайди. Шунингдек, у космоснинг тинчлик макони бўлиб қолишини таъминлашга қаратилган глобал ҳамкорликни кучайтиришга ундайди. Бундай ҳамкорлик космик имкониятлардан барча давлатлар тенг баҳраманд бўлиши ва космик макон келажак авлодлар учун асраб-авайланишини кўзда тутади.
“Turquoise” билан танишинг: IAC 2026 маскоти
IAC 2026 конгрессининг расмий маскоти Анталиянинг тиниқ ва мовий сувларидан илҳомланган Turquoise номли Cаретта cаретта денгиз тошбақасидир. Бу тошбақалар Ўрта ер денгизининг энг таниқли жониворларидан бўлиб, улар Анталиядаги, жумладан, Белекдаги қатор соҳилларда тухум қўяди.

Cаретта cаретта тошбақалари Туркия соҳилларидан минглаб километр масофани босиб ўтиб, тухум қўйиш учун ўзлари туғилган Анталия соҳилларига қайтади. Уларнинг кашфиётга интилиши инсониятнинг космос сари йўлини акс эттирса, ўз уйига қайтиши Ер бизнинг ҳақиқий уйимиз эканини эслатади. Шу боис Turquoise шунчаки рамз эмас, балки Анталия ва космик соҳа учун муҳим тимсолдир.
Анталия: Туркиянинг туризм ва тадбирлар маркази
Анталия сўлим пляжлари, қадимий шаҳарлари, жўшқин гастрономик муҳити ва хилма-хил спорт имкониятлари билан ажралиб туради. Бироқ шаҳарнинг салоҳияти туризм билан чекланмайди. Астрономия ва аэрокосмик муҳандислик каби йўналишларда фаолият юритувчи университетлар ҳамда илмий-тадқиқот марказлари Анталияни фан, технология ва халқаро ҳамкорлик учун ҳам муҳим масканга айлантирмоқда.
Ҳаво, қуруқлик ва денгиз орқали қулай етиб бориш мумкин бўлган Анталияда кўплаб ҳашаматли меҳмонхоналар ҳамда умумий сиғими 175 мингдан ортиқ бўлган конгресс ва конференция масканлари мавжуд. Шаҳарнинг бу салоҳияти иштирокчиларга конференция залида ҳам, ундан ташқарида ҳам мазмунли ва унутилмас вақт ўтказиш имконини беради.




