Тошкент метроси илк бор бир кунда 1,2 млндан ошиқ йўловчига хизмат кўрсатди
Омадли 1 200 000-йўловчига 1 йил давомида жамоат транспортидан бепул фойдаланиш имконини берувчи махсус транспорт тўлов картаси совға қилинди.

28 сентябрь куни Тошкент метрополитени тарихида янги рекорд қайд этилди.
Бир кун давомида илк маротаба 1200124 нафар йўловчига хизмат кўрсатилди.
Мазкур муҳим воқеа муносабати билан метрополитен масъул ходимлари иштирокида 1200000-йўловчини аниқлаш бўйича махсус тадбир ташкил этилди.
Тадбир давомида ушбу тарихий кўрсаткични қайд этган омадли 1 200 000-йўловчи аниқланди.
Унга метрополитен жамоаси номидан эсдалик совғаси, шунингдек, бир йил давомида жамоат транспортидан бепул фойдаланиш имконини берувчи махсус транспорт тўлов картаси тантанали равишда топширилди.
Эслатиб ўтамиз, 21 сентябрь куни Тошкент метросидан 1 млн 182 минг нафар йўловчи фойдаланганди.




