Ўзбекистонлик икки спортчи Осиё ўйинларидан вақтинча четлатилди
23 сентябрь куни Японияда мусобақадан ташқари допинг-назорат вақтида ўзбекистонлик байдарка ва каноэда эшиш спортчиси Павел Эйгелдан намуна олинган. Унда ман этилган триметазидин моддаси аниқланган. Аралаш яккакурашлар устаси Нодирбек Шавкатовда эса ман этилган мельдоний моддаси топилгани айтилди.

Осиё ўйинларида иштирок этаётган ўзбекистонлик спортчилар Павел Эйгел ва Нодирбек Шавкатовнинг допинг-тест намунасида ман этилган моддалар аниқланди. Бу ҳақда Халқаро допинг-тест агентлиги маълум қилди.
23 сентябрь куни Японияда мусобақадан ташқари допинг-назорат вақтида ўзбекистонлик байдарка ва каноэда эшиш спортчиси Павел Эйгелдан намуна олинган. Унда ман этилган триметазидин моддаси аниқланган.
Триметазидин Бутунжаҳон антидопинг агентлигининг (WADA) Тақиқланган рўйхатига S4 “Гормонлар ва метаболизм модуляторлари” категорияси бўйича киритилган. Ундан фойдаланиш мусобақалар пайтида ҳам, мусобақадан ташқари даврда ҳам тақиқланади. Модда специфик бўлмаган тақиқланган моддалар тоифасига киради.
Шунингдек, 22 сентябрь куни Японияда мусобақадан ташқари допинг-назорат вақтида аралаш яккакурашлар бўйича ўзбекистонлик спортчи Нодирбек Шавкатовдан ҳам намуна олинган. Унда ман этилган мельдоний моддаси аниқланган. Мельдоний – Бутунжаҳон антидопинг агентлигининг (WADA) Тақиқланган рўйхатига S4 “Гормонлар ва метаболизм модуляторлари” категорияси бўйича киритилган. Ундан фойдаланиш мусобақалар пайтида ҳам, мусобақадан ташқари даврда ҳам тақиқланади. Модда специфик бўлмаган тақиқланган моддалар тоифасига киради.
Спортчилар таҳлил натижалари ҳақида хабардор қилинган ва Бутунжаҳон антидопинг кодекси ҳамда Осиё Олимпия кенгашининг (OCA) антидопинг қоидаларига мувофиқ, суриштирув якунлангунига қадар вақтинча мусобақалардан четлатилган.




