Ўзбекистон Глобал инновация индекси рейтингида ўсишга эришди
29 сентябрь куни эълон қилинган GII'нинг 2026 йил ҳисоботига кўра, Ўзбекистон ўтган йилги кўрсаткичга нисбатан 2 поғона ўсиб, 139 та мамлакат орасида 77-ўринни эгаллади. Ўзбекистон қуйи ва ўрта даромад гуруҳида 36 та мамлакат ўртасида кучли 8 талик ҳамда Марказий ва Жанубий Осиё минтақасида 11 та мамлакат ичида кучли 4 талик мамлакатлар қаторидан жой олди.

Глобал инновация индекси (GII) рейтинги ҳисоботи Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (WIPO) томонидан Портуланс институти (АҚШ), турли корпоратив ва академик тармоқ ҳамда GII маслаҳат кенгаши билан ҳамкорликда тайёрланиб, ҳар йили сентябрь ойида эълон қилинади. Рейтинг глобал тадқиқот ва инновацион ривожланиш бўйича дунё мамлакатлари фаолиятини баҳолайдиган етакчи тадқиқот ҳисобланади ҳамда 2 та субиндекс ва 7 та йўналиш гуруҳига бирлаштирилган 80 га яқин индикаторни ўз ичига олади.
Жорий йил 29 сентябрь куни эълон қилинган GII'нинг 2026 йил ҳисоботига кўра, Ўзбекистон ўтган йилги кўрсаткичга нисбатан 2 поғона ўсиб, 139 та мамлакат орасида 77-ўринни эгаллади.
Ўзбекистон қуйи ва ўрта даромад гуруҳида 36 та мамлакат ўртасида кучли 8 талик ҳамда Марказий ва Жанубий Осиё минтақасида 11 та мамлакат ичида кучли 4 талик мамлакатлар қаторидан жой олди.
Рейтингнинг алоҳида субиндекслари бўйича кўрсаткичлар:
- Инновацияларга йўналтириладиган сармоя ва ресурслар (innovation input) субиндексида 68-ўрин (1 поғонага ўсди);
- Инновациялар натижадорлиги (innovation output) субиндексида 78-ўрин (14 поғонага ўсди) қайд этилди.
Маълумот учун: Ўзбекистон GII рейтингига илк бор 2015 йилда қўшилган бўлиб, 141 та мамлакат орасида 122-ўринни эгаллаган эди. Мамлакатимиз 2025 йилда 139 та мамлакат орасида 79-ўриндан жой олган.
Ўзбекистон GII рейтингида илм-фан, тадбиркорлик ва меҳнат унумдорлиги бўйича жаҳонда юқори натижаларни қайд этди. Хусeсан, мамлакатимиз алоҳида индикаторларда қуйидаги юқори ўринларни эгаллади:
- "Илм-фан ва муҳандислик соҳасида битирувчилар" индикаторида — 2-ўрин;
- "Тадбиркорлик сиёсати ва маданияти" индикаторида — 3-ўрин;
- "Стартап ва скайлапларни молиялаштириш" индикаторида — 4-ўрин;
- "Меҳнат унумдорлиги ўсиши" индикатори бўйича — 7-ўрин.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 февралдаги "Мамлакат тараққиётининг 2030 йилгача мўлжалланган устувор йўналишлари доирасида ислоҳотларни изчил давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-21-сон Фармонига кўра, GII рейтингида 2030 йилга келиб Ўзбекистонни дунёдаги етакчи 60 та инновацион давлат қаторига киритиш вазифаси ҳамда 2026 йилда 77-ўринни эгаллаш мақсадли кўрсаткичи белгиланган эди.




