platina.uz
Жамият

Самарқандда инсон ҳуқуқлари бўйича форум мажлиси ўтказилди

Ушбу нуфузли тадбир “Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро пактлар, ривожланиш ҳуқуқи ва глобал ҳамжиҳатлик: замонавий таҳдидлар шароитида янги қараш” мавзусига бағишланди. 

Самарқандда инсон ҳуқуқлари бўйича форум мажлиси ўтказилди

28 сентябрь куни пойтахтимизда Инсон ҳуқуқлари бўйича бешинчи Самарқанд форуми тантанали очилиш маросимидан сўнг Форумнинг Юқори даражадаги мажлиси бўлди.

Ушбу нуфузли тадбир “Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро пактлар, ривожланиш ҳуқуқи ва глобал ҳамжиҳатлик: замонавий таҳдидлар шароитида янги қараш” мавзусига бағишланди. Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказининг матбуот хизмати хабар берди.

Асосий маърузаларни БМТ ва унинг тузилмалари, ЕХҲТ, ШХТ, ИҲТ, МДҲ, ТУРКПА каби халқаро ва минтақавий халқаро ташкилотлар раҳбарлари ҳамда етакчи экспертлари тақдим этдилар.

Хусусан, БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси раиси Чангрок Соҳ, Осиёда ўзаро ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш Бош котиби ўринбосари Лин Чжан, МДҲ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси раиси Евгения Парамонова, ТУРКПА Таълим, маданият, ижтимоий ва гуманитар масалалар комиссияси котиби Кадир Яманнинг маърузалари тингланди.

Форумда, шунингдек, EХҲТнинг миллий озчиликлар бўйича Олий комиссари Кристоф Камп, БМТ Аҳолишунослик фонди (УНФПА)нинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори ўринбосари Клаус Бек онлайн иштирок этди ва сўзга чиқди.

Самарқандда инсон ҳуқуқлари бўйича форум мажлиси ўтказилди

Бундан ташқари, БМТнинг Қийноқларнинг олдини олиш бўйича кичик қўмитаси (СПТ) миллий профилактика механизмлари бўйича раис ўринбосари Элина Штейнерте, БМТнинг судьялар ва адвокатлар мустақиллиги бўйича махсус маърузачиси Маргарет Саттертуэйт, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Нурлан Eрмекбаев, БМТ Тараққиёт дастурининг Европа ва МДҲ бўйича минтақавий бюроси маъмурият ёрдамчиси ўринбосари ва минтақавий директор ўринбосари Ник Хартман йўллаган видеомурожаатлар намойиш этилди.

Ислом ҳамкорлик ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг ижрочи директори Ҳади бин Али Алями ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Бош котиби Сергей Лебедев нутқи ўқиб эшиттирилди.

Муҳокамаларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро тизимининг олти ўн йилликдан кейинги трансформацияси эвазига эришилган натижалар, мавжуд муаммолар ва ривожланиш истиқболлари ҳақида фикр юритилди. Замонавий глобал таҳдидлар шароитида барча инсон ҳуқуқларининг универсаллиги, бўлинмаслиги, ўзаро боғлиқлиги ва ўзаро алоқадорлиги таъкидланди.

Самарқандда инсон ҳуқуқлари бўйича форум мажлиси ўтказилди

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро тизими келажаги, яъни Халқаро пактларнинг олти ўн йилликдан кейинги ижроси ва инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро архитектурани мустаҳкамлаш истиқболлари юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Ривожланиш ҳуқуқи универсал инсон ҳуқуқи ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва глобал тенгсизликни қисқартиришнинг муҳим омили экани қайд этилди.

Глобал ҳамжиҳатлик ва халқаро ҳамкорлик замонавий таҳдидларга, жумладан рақамли трансформация, иқлим ўзгариши, можаролар ва гуманитар инқирозларга самарали жавоб беришнинг асоси сифатида эътироф этилди. Уруш шароитида инсонийлик омили, жумладан, замонавий қуролли можаролар шароитида халқаро ҳуқуқ олдида пайдо бўлган таҳдидларга эътибор қаратилди.

Шуни таъкидлаш керакки, Инсон ҳуқуқлари бўйича бешинчи Самарқанд форуми “Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро пактларнинг 60 йиллиги ва Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги декларациянинг 40 йиллиги: инсон қадр-қиммати, тенглик ва барқарор тараққиёт йўлида глобал шериклик” мавзусига бағишланган.

Форум Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси, ЕХҲТ, Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси ҳамда Халқаро тараққиёт ва адолат маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Телеграмда кузатиб боринг!

Тавсия этамиз

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid