Британиядаги АҚШ фойдаланадиган авиабазада теракт режаси фош этилди
Полиция ҳудуддаги учта оқ фургонни бомба зарарсизлантириш роботлари ёрдамида текширди. Яқин атрофда яшовчи 85 та оила хавфсизлик сабабли эвакуация қилинди.

Британиянинг R.A.F. Fairford авиабазаси яқинида терроризмда гумонланган беш киши ҳибсга олинди. Воқеа базанинг хавфсизлиги ва эҳтимолий ҳужум ҳақида расмийлар олдиндан хабардор бўлган-бўлмаганига оид саволларни юзага келтирди.
27 сентябр куни авиабаза яқинида терроризмда гумонланиб, беш киши ҳибсга олинди. Полиция ҳудуддаги учта оқ фургонни бомба зарарсизлантириш роботлари ёрдамида текширди. Яқин атрофда яшовчи 85 та оила эвакуация қилинди.
Маҳаллий фермер BBC’га базага яқин далаларда капюшон ва ниқоб кийган бир гуруҳ эркакларни кўриб, полицияга қўнғироқ қилганини айтди. Буюк Британия мудофаа вазири Уэс Стритинг фермернинг ҳушёрлигини олқишлади, бироқ у воқеанинг фақат бир қисмини кўрганини ва хавфсизликка оид оператив тафсилотларни ҳозирча ошкор қилиб бўлмаслигини билдирди.
Воқеа авиабаза хавфсизлиги ҳамда гумонланувчилар қандай қилиб унинг ҳудудига бунчалик яқинлашгани ҳақидаги саволларни юзага келтирди. Президент Дональд Трамп ҳибсга олинганлар “катта зарар етказмоқчи бўлганини” айтди ва улар аввалдан “тергов остида бўлганини” билдирди. Бироқ Британия расмийлари ҳужум хавфи ҳақида олдиндан хабардор бўлганини тасдиқламади.
Fairford базаси АҚШнинг Эронга қарши узоқ масофали зарбаларида фойдаланилган. Шу сабабли эҳтимолий ҳужумнинг Эрон билан боғлиқлиги ҳақидаги тахминлар ҳам пайдо бўлди. Эрон расмийлари ҳозирча воқеа юзасидан изоҳ бермаган.
Британия терроризмга қарши полицияси терговни давом эттирмоқда. Ҳибсга олинганларнинг шахси ҳозирча ошкор қилинмаган.




