platina.uz
Спорт

"Сизлар – Янги Ўзбекистон қаҳрамонлари": Президент шахматчиларни табриклади

Шавкат Мирзиёев Нодирбек Ёқуббоевнинг Туркия, Ҳиндистон, Хитой ва АҚШ вакилларига қарши муросасиз баҳсларда ирода кўрсатиб, жамоамиз учун ҳал қилувчи ғалабаларни таъминлаганини алоҳида таъкидлади.  Давлат раҳбари Жавоҳир Синдоровга Жаҳон тожи учун бўладиган тарихий беллашувда ҳам омад тилади. 

"Сизлар – Янги Ўзбекистон қаҳрамонлари": Президент шахматчиларни табриклади

Президент Шавкат Мирзиёев шахмат бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларига табрик йўллади.

Ўзбекистон термаси Самарқандда ўтган шахмат олимпиадасида ғолиб чиқди.

"Сизлар – Янги Ўзбекистон қаҳрамонлари, жаҳон шахмат оламида янги тарих яратган олтин авлодсиз. Бутун халқимиз сизлар билан чексиз фахрланади, ғурурланади. Сизлар амалдаги Олимпиада чемпиони – Ҳиндистон жамоасини мағлуб этдингиз. Қадимий шахмат мактаби ва кўплаб гроссмейстерларга эга бўлган Хитой жамоаси устидан тарихий ғалабани қўлга киритдингиз. Дунё рейтингида биринчи ўринни эгаллаб келаётган, олти карра Олимпиада чемпиони бўлган АҚШ жамоасидан ҳам устун келдингиз.

Нодирбек Абдусатторов барча ўйинлар давомида мағлубият нима эканини билмасдан, чинакам жамоа лидери эканини исботлаб, биринчи тахтада олтин медал соҳибига айланди.

Нодирбек Ёқуббоев эса Туркия, Ҳиндистон, Хитой ва АҚШ вакилларига қарши муросасиз баҳсларда чинакам ирода ва матонат кўрсатиб, жамоамиз учун ҳал қилувчи ғалабаларни таъминлаганини алоҳида таъкидлаб айтмоқчиман.

Айниқса, Ёқуббоевнинг ҳиндистонлик Ниҳал Саринга қарши беллашуви ҳақиқий драматик жанг бўлди. Янги Ўзбекистон вакилининг энг қийин вазиятда ниҳоятда топқирлик билан қўллаган тактик юришларини кўриб, дунё шахмат мухлислари ҳайратдан қотиб қолди.

Яна бир мард ўғлонимиз, Жавоҳир Синдоров чемпионларга хос ўйин кўрсатиб, умумий ғалабага катта ҳисса қўшди.

Бундай йирик халқаро мусобақада биринчи марта иштирок этган Муҳиддин Мадаминов ўғлимизнинг кучли рақибларига кутилмаган зарбалар бергани ва бирорта ҳам мағлубиятга учрамагани юксак баҳога муносибдир.

Шамсиддин Воҳидов Ҳиндистон, Туркия ва Венгрия вакилларига қарши муросасиз ўйинларда ўзини йўқотмасдан, муҳим очколарни олишга эришгани ҳам мухлислар хотирасида сақланиб қолади", дейди Президент.

Ўзбекистон шахмат федерацияси ФИДЕ томонидан 2026 йилда "Энг яхши федерация" номинациясида ғолиб деб топилгани, тажрибали мураббий, гроссмейстер Рустам Қосимжонов ФИДЕнинг фахрий вице-президенти, Ҳулкар Тоҳиржонова ФИДЕнинг Марказий Осиё давлатлари бўйича минтақавий президенти этиб сайланганини Ўзбекистоннинг шахмат мамлакати сифатида обрў-эътибори ошиб бораётганининг яна бир далили сифатида қабул қилиниши қайд этилди. Самарқанд олимпиадасида парашахматчиларимиз ҳам улкан жасорат кўрсатиб, бундай ўйинлар тарихида биринчи марта бронза медалини қўлга киритишди.

"Шу йил ноябрь ойида бизни яна бир катта шахмат байрами кутиб турибди. Жаҳон тожи учун бўладиган тарихий беллашувда шахматимиз фахри Жавоҳир Синдоровдан барчамиз улкан зафарларни кутиб қоламиз", дейилади табрикда.

Телеграмда кузатиб боринг!

Тавсия этамиз

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid