Қозоғистонда 12 ҳарбий денгизда чўкиб кетди
Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев 25 сентябрни мотам куни деб эълон қилди. Ҳодиса Каспий денгизидаги машқлар пайтида содир бўлган.

Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 25 сентябрни Каспий денгизидаги машқлар пайтида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар учун миллий мотам куни деб эълон қилди.
Ҳодиса 24 сентябрь куни Каспий денгизининг Қозоғистон секторида ўтказилган “Хазар Қорғани-2026” денгиз машқлари пайтида содир бўлган. Об-ҳавонинг кескин ёмонлашиши ва кучли шамол туфайли бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар жанговар тайёргарлик вазифасини бажараётганда денгизга олиб кетилган.
Жами 19 нафар ҳарбий хизматчи сувга тушган, улардан учтаси қутқарилган, қолганларини қидириш давом этмоқда. Расмийлар ҳозиргача тўққиз киши ҳалок бўлганини хабар қилишган, оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра эса 12 нафар жасад топилган.

Президент Тўқаев қурбонларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирди ва ҳукумат комиссиясига уларга ёрдам кўрсатиш учун барча зарур чораларни кўришни буюрди. Ҳалок бўлганлар бўйича жиноий иш қўзғатилди ва вазир Даурен Косанов бошчилигидаги Мудофаа вазирлиги комиссияси воқеа ҳолатларини текшириш учун Манғистов вилоятига етиб келди.
Синоптиклар илгари минтақада шамол тезлиги секундига 20 метргача етишини башорат қилишган эди.
Қозоғистон денгиз флоти бош қўмондони Канат Ниязбеков бошчилигидаги манёврларда 500 дан ортиқ шахсий таркиб иштирок этди.




