platina.uz
Жаҳон

Марказий Осиёнинг икки давлати Ҳиндистоннинг “Akash” ҳаво мудофаа тизимини сотиб олди

Мазкур мудофаа тизимининг илк харидори Арманистон бўлган. “Akash” зенит-ракета комплекси самолёт, вертолёт, дронлар ҳамда қанотли ракеталарни уриб туширишга мўлжалланган.

Марказий Осиёнинг икки давлати Ҳиндистоннинг “Akash” ҳаво мудофаа тизимини сотиб олди

Ҳиндистон Мудофаа тадқиқотлари ва ишланмалари ташкилоти (DRDO)нинг собиқ раиси Самир Камат Ҳиндистон ўзида ишлаб чиқилган “Akash” ер-ҳаво ракета тизимини Тожикистон ва Туркманистонга экспорт қилганини маълум қилди.

Унга кўра, бу Нью-Деҳлининг мудофаа маҳсулотлари экспорти географиясининг Марказий Осиёга илк бор йўналтирилишидир.

“Akash” — самолётлар, вертолётлар, дронлар ва қанотли ракеталарни уриб тушириш учун ишлаб чиқилган ўрта масофага мўлжалланган ҳаво мудофаа тизими. Ракета Ҳиндистоннинг Bharat Dynamics Limited компанияси томонидан ишлаб чиқарилади. Тизимда Ҳиндистон Мудофаа тадқиқотлари ва ишланмалари ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган радар ҳамда қўмондонлик-бошқарув тизимларидан фойдаланилади.

Туркманистон ва Тожикистон “Akash Mk 1S” нинг янгиланган версиясини харид қилиш бўйича музокаралар олиб бораётгани ҳақидаги хабарлар дастлаб август ойида янграй бошлаган. Бироқ расмий шартномалар ҳали имзоланмагани ҳақидаги хабарлардан кейин янгради.

Камат тилга олган экспорт айнан шу келишувларнинг якунланганини англатадими ёки алоҳида етказиб бериш амалга оширилганми — ҳозирча номаълум. На Ҳиндистон расмийлари, на Марказий Осиёнинг ушбу икки давлати қўшимча тафсилотларни эълон қилган. Шунингдек, бу хабар расмийлар томонидан ҳали тасдиқланмаган.

Нашр маълумотларига кўра, минтақадаги бошқа давлатларда Ҳиндистон мудофаа тизими маҳсулотларига қизиқишга Арманистоннинг хариди муҳим омил сифатида кўрилмоқда.

Арманистон тажрибасида дастлабки ракета харидидан кейин Ҳиндистондан радарлар, артиллерия тизимлари, ракета комплекслари ва ҳарбий техникалар бўйича қўшимча харидлар амалга оширилган. Агар Тожикистон ва Туркманистоннинг “Akash” харидлари тасдиқланса, келгусида Ҳиндистоннинг ушбу икки давлатга бошқа турдаги мудофаа маҳсулотлари экспорти ҳам кенгайиши мумкин.

“Akash Mk 1S” қандай тизим?

Арманистон “Akash” тизимининг биринчи ва ҳозиргача тасдиқланган ягона хорижий харидори бўлиб келган. Ереван “Mk 1S” версиясини харид қилиш бўйича шартнома имзолаган ва тизимларни 2024 йил охиридан бошлаб қабул қила бошлаган.

Мазкур битим Ҳиндистонга собиқ Совет ҳудудидаги бошқа давлатларга ҳам ушбу тизимни таклиф қилишда фойдаланаётган муайян экспорт тажрибасини берди.

“Mk 1S” модернизацияси ракетага Ҳиндистонда ишлаб чиқилган фаол радиочастотали изловчи каллакни (active RF seeker) қўшади.

Мазкур комбинация манёвр қилаётган нишонларга қарши аниқликни ошириш ҳамда дастлабки, фақат қўмондонлик орқали бошқариладиган “Akash” га нисбатан ракетани электрон радиохалақитлар ёрдамида зарарсизлантиришни қийинлаштиришга қаратилган.

Тизим нишонларни бир вақтнинг ўзида кузатиш ва уларга қарши ҳаракат қилиш учун Ҳиндистон томонидан ишлаб чиқилган “Rajendra” фазали антенна панжарасига эга радардан фойдаланади. Бу имконият тизимни алоҳида нишонни ҳимоя қилишдан кўра, муайян объектлар ва чегара ҳудудларининг ҳаво мудофаасини таъминлашга мослаштиради.

Нашр маълумотларига кўра, айни пайтда Тожикистон ва Туркманистон асосан эскирган совет ва Россияда ишлаб чиқарилган ҳаво мудофаа воситаларига таянади. Улар орасида С-125, “Куб”, “Бук” ва “С-300” тизимлари мавжуд.

Техник жиҳатдан эскираётган қурол захиралари ва ҳаводан келаётган таҳдидларнинг ўзгариши ҳар икки давлатни ҳарбий техника етказиб берувчиларини диверсификация қилишга ундамоқда.

Телеграмда кузатиб боринг!

Тавсия этамиз

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid