Президент Нукусда Қорақалпоғистон бўйича йиғилиш ўтказмоқда
Бу йил Қорақалпоғистон иқтисодиёти энг тез ўсаётган ҳудудлардан бирига айланди. Жорий йилнинг биринчи ярмида иқтисодиёт 10,2 фоиз ўсиб, ҳудуд Тошкент шаҳридан кейинги иккинчи ўринни эгаллади.

Нукус шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Қорақалпоғистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтмоқда.
Давлатимиз раҳбари мустақиллигимизнинг 35 йиллик байрами шукуҳи давом этаётган кунларда Қорақалпоғистон аҳли билан юзма-юз кўришиб турганидан мамнунлигини билдирди.
Сўнгги йилларда ҳудуд учун катта маблағ, имтиёз ва шароитлар яратилди. Фойда, ер ва мол-мулк солиқлари 2 карра, саноат учун электр тарифи 15 фоизга пасайтирилди, ижтимоий солиқ 1 фоиз этиб белгиланди.
Ўтган йили Қорақалпоғистонга 1 миллиард 700 миллион доллар инвестиция киритилди. Бу 2021 йилдагидан 22 карра кўп.
Бу йил Қорақалпоғистон иқтисодиёти энг тез ўсаётган ҳудудлардан бирига айланди. Жорий йилнинг биринчи ярмида иқтисодиёт 10,2 фоиз ўсиб, ҳудуд Тошкент шаҳридан кейинги иккинчи ўринни эгаллади.
Сўнгги йилларда Қорақалпоғистонда 860 мегаваттли янги энергетика қувватлари ишга туширилди. Беруний ва Қораўзакда шамол станцияларининг қурилиши ҳисобига “яшил” энергия улуши 23 фоизга етди. Электр ишлаб чиқариш 4 карра ошиблик, 5 миллиард 330 миллион киловатт-соатни ташкил этди. Бу аҳоли ва корхоналарнинг йиллик талабидан қарийб 3 баробар кўп.
Кеча 7 миллиард долларлик 47 та янги лойиҳа қурилишига старт берилди. Жумладан, Қўнғиротда 2 миллиард 600 миллион долларлик, қуввати 1,5 минг мегаваттли шамол станциясини қуриш бошланди. Лойиҳа доирасида 1,5 минг километр юқори кучланишли тармоқ ва 500 киловольтли 3 та подстанция барпо этилади.
2030 йилгача жами қуввати 3 минг 300 мегаваттли шамол станциялари ишга туширилиб, “яшил” энергия улуши 76 фоизга етказилади, 400 мегаваттли энергия сақлаш қуввати яратилади.
Қорақалпоғистон “яшил” энергия ишлаб чиқариш бўйича минтақанинг энг йирик марказларидан бирига айланади.
