Бухорода 1,7 миллион аҳолининг сув таъминоти яхшиланади
Самарқанд – Бухоро йўналишида цемент-бетон қопламали замонавий пулли автомобил йўлини қуриш режалаштирилган. Бу йўл икки шаҳар ўртасидаги сафар вақтини ҳозирги беш соатдан бир ярим соатгача қисқартириш имконини бериши кутилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига ташрифи доирасида ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини ошириш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди.
– Бухоро иқтисодиётига, одамларнинг кундалик ҳаётига ижобий ўзгаришлар олиб кирадиган 30 миллиард долларлик янги ташаббуслар билан келганмиз,– деди давлатимиз раҳбари.
Дастлаб ичимлик суви ва оқова тармоқлари таъминотига тўхталиб ўтилди. Бу соҳада Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан 385 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилмоқда. Унинг иккинчи босқичига яна 248 миллион доллар жалб қилинади.
Натижада вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида 1,7 миллион аҳолининг сув таъминоти яхшиланади, 775 минг киши канализация тармоғига уланади. Марказлашган ичимлик суви билан қамров ҳозирги 80 фоиздан 95 фоизга етказилади.
Президентимиз одамлар бу ўзгаришларни кутаётганини таъкидлаб, масъулларга лойиҳаларни тезлаштиришни топширди.
Вилоятнинг транспорт алоқаларини яхшилаш бўйича ҳам йирик режалар белгиланган. Жорий йилда Бухородан ўтувчи А-380 автомобили йўлини реконструкция қилиш якунланади.
Келаси йил М-37 йўлининг вилоят ҳудудидаги 69 километрини янгилаш ишлари бошланади. Қиймати 200 миллион долларлик ушбу лойиҳа доирасида Бухоро шаҳри атрофида 4,5 километрли айланма йўл ҳам қурилади.
Самарқанд – Бухоро йўналишида цемент-бетон қопламали замонавий пулли автомобил йўлини қуриш режалаштирилган. Бу йўл икки шаҳар ўртасидаги сафар вақтини ҳозирги беш соатдан бир ярим соатгача қисқартириш имконини бериши кутилмоқда. Шу йўналишда тезюрар поезд учун янги темир йўл линияси ҳам кўзда тутилган.
Президентимиз мутасаддиларга автомобил ва темир йўл лойиҳаларининг мастер-режаларини якунлаш, ҳамкорлар билан музокараларни бошлаш бўйича топшириқ берди.





