Нарендра Моди давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келди
"Тошкент-Ҳумо" халқаро аэропортида Ҳиндистон Бош вазирини давлатимиз раҳбари кутиб олди. Етакчилар "Янги Ўзбекистон" боғига ташриф буюрдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди.
"Тошкент-Ҳумо" халқаро аэропортида Ҳиндистон Бош вазирини давлатимиз раҳбари кутиб олди.

Олий мартабали меҳмон шарафига икки мамлакат давлат байроқлари кўтарилди, фахрий қоровул саф тортди.
Ташрифнинг асосий тадбирлари эртага, 30 август куни бўлиб ўтади.
Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида "Янги Ўзбекистон" боғига ташриф буюрди.
Анъанага кўра, олий мартабали меҳмон Мустақиллик монументи пойига гул қўйди.

Мажмуа билан қисқача танишув давомида ушбу меъморий ансамблнинг мазмуни ва ўзига хос хусусиятлари ҳақида маълумот берилди.
