Ўзбекистон Ҳиндистон билан ЖСТ бўйича якуний протоколни имзолади
Деҳли билан техник текширув ва протокол матнини мувофиқлаштириш учун муайян саъй-ҳаракатлар талаб этилди. Шунга қарамай, бозорга кириш масалаларининг моҳияти бўйича Ҳиндистон конструктив ёндашув намойиш этди.

Ўзбекистон ва Ҳиндистон мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиши жараёни доирасида Бозорга кириш бўйича музокаралар якунлангани тўғрисидаги протоколни имзолади.
Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг ЖСТ масалалари бўйича вакили, бош музокарачи Азизбек Ўрунов ўзининг Linkedinʼдаги саҳифасида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, 2024 йилда Ҳиндистон томони билан ушбу масала бўйича келишувга эришилган эди.
Бироқ Деҳли билан техник текширув ва протокол матнини мувофиқлаштириш учун муайян саъй-ҳаракатлар талаб этилди. Шунга қарамай, бозорга кириш масалаларининг моҳияти бўйича Ҳиндистон конструктив ёндашув намойиш этди.
Азизбек Ўрунов Ҳиндистонга Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди, шунингдек, Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси ҳамда Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги дипломатик миссияси ҳиссасини алоҳида қайд этди.
Бош музокарачининг сўзларига кўра, Ўзбекистон томони ушбу ҳужжат мамлакатимизнинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича материалларнинг умумий пакетига киритилиши ва консолидация қилиниши учун протоколнинг бир асл нусхасини зудлик билан мазкур халқаро ташкилот Котибиятига топширади.
Ўзбекистон ЖСТга тўлақонли аъзоликни жорий йил расмийлаштиришни режалаштирмоқда.
