Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзолиги: музокараларнинг 99 фоизи якунланди, энди нима бўлади?
Музокаралардаги энг мураккаб масалалардан бири давлатнинг иқтисодиётдаги иштироки билан боғлиқ. Хусусан, давлат корхоналари сони, уларга бериладиган ёрдам ва хусусий сектор учун тенг рақобат шароитларини таъминлаш масалалари муҳокама қилинмоқда.

Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш жараёнида якуний босқичга яқинлашди. Товарлар тарифлари ва хизматлар бозори бўйича икки томонлама музокараларнинг 99 фоизи якунланган.
Ҳукумат 2026 йил охиригача очиқ масалаларни ҳал қилишни, 2027 йилда эса ташкилотга аъзо бўлишни мақсад қилган. Бироқ давлат корхоналари, қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш ва қонунчиликка оид айрим масалалар ҳали келишилиши керак.
ЖСТ ишчи гуруҳи раиси Сунг-Е Чои Ўзбекистоннинг ташкилотга қўшилиш жараёнини оптимистик баҳолади. У музокараларнинг якунланиши мамлакатнинг автоматик равишда ташкилотга аъзо бўлишини англатмаслигини айтди. Бу ҳақда у 3 ноябрь куни Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёни 1994 йилда бошланган, бироқ узоқ вақт давомида сезиларли силжиш кузатилмаган. Музокаралар 2020 йилда қайта фаоллашди. Шундан буён мамлакат ташкилот талабларига мослашиш ва аъзо давлатлар билан келишувларга эришиш бўйича ишларни жадаллаштирди.
ЖСТ ишчи гуруҳи раиси Сунг-Е Чои товарлар тарифлари ва хизматлар бозори бўйича икки томонлама музокараларнинг 99 фоизи якунланганини билдирди. Ҳозир фақат айрим якуний тафсилотларни келишиш қолган.
Президент администрацияси бош инспектори Искандарбек Генжаевнинг маълум қилишича, 2026 йил бошида Ўзбекистон билан музокара ўтказишга қўшимча давлатлар ҳам қизиқиш билдирган. Улар билан келишувлар ҳам деярли якунланган. Шу сабабли ҳозир асосий эътибор кўп томонлама музокараларга қаратилмоқда.
Музокараларнинг кечикишига қўшимча саволлар ва янги мажбуриятларни келишиш зарурати сабаб бўлган. Бундан ташқари, Ўзбекистон парламентида 20 дан ортиқ қонунчилик ҳужжатини қабул қилиш жараёни якуний босқичда. Генжаевнинг айтишича, ҳозиргача 200 дан ортиқ қонунчилик ҳужжати ЖСТ битимлари, қоидалари ва тамойилларига мувофиқлаштирилган.
Музокаралардаги энг мураккаб масалалардан бири давлатнинг иқтисодиётдаги иштироки билан боғлиқ. Хусусан, давлат корхоналари сони, уларга бериладиган ёрдам ва хусусий сектор учун тенг рақобат шароитларини таъминлаш масалалари муҳокама қилинмоқда.
ЖСТга аъзо бўлишда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар барча ҳимоя воситаларидан маҳрум бўлишини англатмайди. Ташкилот қоидалари демпинг ёки субсидияли импортга қарши чоралар кўриш, шунингдек, импорт кескин ошиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга зарар етказган ҳолатларда вақтинчалик тарифлар ёки квоталар жорий этиш имконини беради. Бироқ бундай чоралар белгиланган қоидаларга мувофиқ қўлланиши керак.
Ўзбекистон ташқи савдони либераллаштириш бўйича ҳам қатор ўзгаришларни амалга оширган. Жумладан, айрим маҳсулотларни экспорт қилиш учун рухсатнома талаб қилувчи рўйхат бекор қилиниб, унинг ўрнига экспорт божлари механизми жорий этилган. 2024 йилда эса йирик давлат корхоналарининг айрим эксклюзив ҳуқуқлари бекор қилиниб, электр ва газ, иккиламчи ҳамда рангли металлар савдосида хусусий сектор иштирокини кенгайтиришга қаратилган ўзгаришлар амалга оширилган.
Ўзбекистон томони 2026 йил охиригача барча очиқ масалаларни ҳал қилишни мақсад қилган. Шундан сўнг аъзолик пакети ЖСТ Бош кенгашига тақдим этилади. Ташкилотга аъзо 166 давлатнинг барчаси Ўзбекистоннинг қабул қилинишига розилик билдириши керак. Кейин мамлакат ичида ратификация жараёни амалга оширилади.
Сунг-Е Чои барча масалалар 2026 йил охирида ёки 2027 йил бошида ҳал бўлишига умид билдирди.





