Президент Ҳиндистон бош вазирига “Олий Даражали Дўстлик” орденини топширди
Икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими ҳам бўлиб ўтди. Улар савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа йўналишлардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда чуқурлаштиришга қаратилган.

Кўксарой қароргоҳида Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Модига Ўзбекистон Республикасининг “Олий Даражали Дўстлик” орденини топшириш маросими бўлиб ўтди.
Таъкидланганидек, Ҳиндистоннинг сўнгги йиллардаги жадал тараққиёти ҳамда халқаро майдонда тобора ортиб бораётган нуфузи бевосита мамлакат етакчисининг самарали фаолияти билан боғлиқ. Муваффақиятли дастур ва стратегиялар туфайли замонавий Ҳиндистон барча соҳаларда оламшумул ютуқларни қўлга киритмоқда.
Давлатимиз раҳбари нуфузли мукофотни топширар экан, бу қарор Ҳиндистон Бош вазирининг икки халқ ўртасидаги азалий дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга қўшаётган беқиёс ҳиссаси учун Ўзбекистон халқи ва давлатининг юксак эҳтироми ифодаси эканини айтиб ўтди.
Ушбу тарихий ташриф ва ўтказилган сермаҳсул музокаралар натижасида дўст мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни кенг қамровли стратегик шериклик даражасига кўтаришга эришилди.

Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, инвестиция, транспорт ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқалар янги сифат босқичига олиб чиқилгани мамнуният билан қайд этилди.
Мазкур мукофот икки халқ ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришига ишонч билдирилди.
– Умумий интилиш ва ҳаракатларимиз билан кўп қиррали ва узоқ муддатли алоқаларимиз келгусида ҳам жадал ривожланиб боришига аминман, – деди Президентимиз.
Олий даражадаги музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди иштирокида икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Улар савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа йўналишлардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда чуқурлаштиришга қаратилган.

Жумладан:
– Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Модининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи якунлари бўйича қўшма баёнот;
– Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Ҳиндистон Республикаси Ҳукумати ўртасида 2026-2030 йилларга мўлжалланган маданий алмашинувлар дастури;
– Аюрведа ва анъанавий тиббиётнинг бошқа йўналишларида ҳамкорлик тўғрисидаги ўзаро англашув меморандуми;
– Олий таълим ва илмий тадқиқотлар соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
– Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
– Фаёзтепа ва Қоратепа ҳудудларида археологик тадқиқотлар ўтказиш тўғрисида баённома;
– Иқтисодий ва молиявий мулоқот тўғрисида ўзаро англашув меморандуми;
– 2026-2028 йилларда туризм соҳасидаги ҳамкорлик дастури;
– Геология ва минерал ресурслар соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида ўзаро англашув меморандуми;
– Архив иши соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида ўзаро англашув меморандуми;
– Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда Сушма Свараж номидаги Ташқи алоқалар институти ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида ўзаро англашув меморандуми;
– Самарқанд вилояти ва Гужарат штати ўртасида шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида битим.
