Ҳиндистонлик муҳожир Ўзбекистонда вафот этди
Унинг оиласи 24 кундан буён марҳумнинг жасадини ватанига қайтара олмаяпти, дея ёзади ҳинд ОАВлари.

Ҳиндистоннинг Телангана штатида яшовчи оила хорижда вафот этган қариндошининг жасадини 24 кундан бери кутмоқда. Бу ҳақда The Siasat Daily нашри ёзди.
Гап нима ҳақда?
Ўзбекистонда ишлаётган 33 ёшли меҳнат муҳожири Санга Суреш тўсатдан вафот этган.
Унинг яқинлари марҳумни уйига олиб келиш учун ҳукуматнинг зудлик билан аралашувини кутишмоқда.
Штатнинг Нирмал туманидаги Коттапедур қишлоғида яшовчи Суреш турмуш ўртоғи, икки ёш фарзанди ва оиласининг келажагини яхшилаш умидида хорижга кетган. У аввалроқ хусусий мактаб ўқитувчиси ва Қувайтда юк ташиш бўйича ишлаган.
Суреш ва унинг қишлоғидан яна тўрт киши виза учун Лингапурдаги маҳаллий суб-агент Кадам Мандалга 2,3 лакҳ рупий тўлаган. Тошкентга боришдан олдин улар Деҳлида тўққиз кун бўлишган ва у ерда Бахубал исмли Гужарати назоратчиси томонидан туристик меҳмонхонада 15 кунлик бепул тренингдан ўтказилган. Ваъда қилинган иш ҳақи ойига 600 АҚШ доллари эди.
21 июл куни, иш бошлаганидан атиги тўрт кун ўтиб Суреш юрак хуружига учради ва шифохонага олиб кетилаётганда йўлда вафот этди.
Ўшандан бери унинг оиласи жасадни ватанига қайтаришга ҳаракат қилмоқда. Уларнинг таъкидлашича, маҳаллий агент жасадни жўнатиш учун қўшимча пул талаб қилиб, Ҳайдарободга эмас, фақат Деҳлигача транспорт ташкил қилишини айтиб, жараённи кечиктирмоқда.
11 август куни Сурешнинг рафиқаси Сангҳа Маматҳа икки ёш фарзанди ва амакиси Жинка Бҳоманна ҳамроҳлигида расмийлар билан учрашди. Маҳаллий амалдор жасадни уйига олиб келиш учун зудлик билан чора кўришга ишонтирди.
Маълум бўлишича, Сурешнинг 2025 йил 10 июндан 8 сентябргача амал қиладиган Ўзбекистон сайёҳлик визаси бўлган.
Ҳиндистонликлар ва Ўзбекистон
Аввалроқ Ўзбекистонда ўқимоқчи бўлган ҳиндистонликлар огоҳлантирилганди.
Ҳиндистон томони тўртта ОТМда ўқимасликни тавсия қилган, уларнинг учтаси Белизда, биттаси Ўзбекистонда жойлашган.