АҚШ вице-президенти Эрон билан урушнинг асосий мақсадларини айтди
Бу ядро қуроли ва энергетика ресурслари билан боғлиқ.

АҚШ вице-президенти Ж.Д. Вэнс Эрон билан қарама-қаршиликда Вашингтоннинг асосий мақсади нефт нархларини паст даражада ушлаб туриш деб атади.
Вэнс бу ҳақда Fox News телеканалида баёнот берди.
"Биламан, бугун нефт нархи пасайган ва у можаронинг бошида бўлган энг юқори кўрсаткичлардан анча паст. Биринчи мақсад - бутун мамлакатимиз бўйлаб америкаликлар учун нефт ва газни арзон сақлаш", деди Вэнс.
Унинг сўзларига кўра, иккинчи мақсад - Эрон ҳеч қачон ядровий қуролга эга бўлмаслигига эришишдир.
Эслатиб ўтамиз, илк бор уруш бошланганда, Ҳормуз бўғози сабаб нефт нархи кескин кўтарилганди.
Аввалроқ Вэнс сўнгги кунларда Теҳрон билан музокараларда баъзи ютуқларга эришилганини эълон қилган эди. Унинг таъкидлашича, Эрон можарони тугатишдан манфаатдор, аммо музокаралар натижаси Вашингтон учун мақбул шартларга рози бўлиш қобилиятига боғлиқ бўлади.
