Фарғонада маст ҳайдовчи ЙПХ ходимини уриб юборди
Сержант Хайитбек Каримжонов оғир тан жароҳатлари билан шифохонага олиб борилган. Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, у жонлантириш бўлимида вафот этган.

Фарғонада маст ҳайдовчи ЙПХ ходимини уриб юборди, натижада у вафот этди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.
2026 йил 31 июл куни соат тахминан 23:30 ларда Ўзбекистон тумани “Ўқчи” МФЙ ҳудудидан ўтувчи автомобил йўлининг 20-километрида аянчли йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.
1996 йилда туғилган ҳайдовчи А.Э. маст ҳолда “Spark” русумли автомашинани бошқариб келаётган бўлган. У тунги хизматни олиб бораётган Фарғона вилояти ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати ЙҲХБ 2-минтақавий ҳудуд ЙПХ отряди 3-сафарбар гуруҳи ЙПХ катта инспектори, сержант Хайитбек Каримжоновнинг тўхташ ҳақидаги қонуний талабига бўйсунмасдан уни уриб юборган.
Оқибатда сержант Хайитбек Каримжонов оғир тан жароҳатлари билан шифохонага олиб борилган. Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, у жонлантириш бўлимида вафот этган.
Сержант Хайитбек Каримжонов 2022 йилдан ИИОда хизмат қилган. Унинг ортидан қадрли онаси, суюкли аёли, 2 нафар фарзандлари қолди, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, феврал ойида Тошкентда 10-синф ўқувчиси ЙПХ инспекторини уриб юборганди.
