“Ҳудудий электр тармоқлари” раҳбари лавозимидан озод этилди
“Миллий электр тармоқлари”, “Иссиқлик электр станциялари”, “Трансгаз” ва “Ҳудудгаз” раҳбарларига йил якунигача синов муддати белгиланди. Натижа бўлмаса, улар ҳам ишдан кетиши огоҳлантирилди.

“Ҳудудий электр тармоқлари” раҳбари лавозимидан озод этилди. Асроржон Асқаров 2024 йил декабридан бери “Ҳудудий электр тармоқлари” бошқарув раиси сифатида ишлаб келаётганди.
Ташкилотнинг янги раҳбари этиб Сардор Исақулов тайинланди. У бунгача Тошкент вилоятининг Бўка ва Паркент туманларига ҳокимлик қилган.
Йиғилишда Сурхондарёдаги буғ-газ электр станцияси қурилиши учун жой нотўғри танлангани танқид қилинди. Газни станцияга етказиш учун 300 миллион доллар сарфлашга тўғри келмоқда.
Ташаббускор билан тузилган шартнома шартлари пухта ўрганилмагани қўшимча харажат юзага келиш эҳтимолини пайдо қилган. Масъулларга шартнома шартларини қайта кўриб чиқиш топширилди.
Тизимдаги жиддий камчиликлар учун энергетика вазири ва “Ҳудудий электр тармоқлари” раҳбари лавозимидан озод этилди. “Миллий электр тармоқлари”, “Иссиқлик электр станциялари”, “Трансгаз” ва “Ҳудудгаз” раҳбарларига йил якунигача синов муддати белгиланди. Натижа бўлмаса, улар ҳам ишдан кетиши огоҳлантирилди.
Янги энергетика вазири Шерзод Ходжаев, “Ҳудудий электр тармоқлари”нинг янги раҳбари Сардор Исақулов ва Энергия инспексиясининг янги бошлиғи Ахад Исоқжонов бугундан янгича иш услубини жорий қилиши шартлиги таъкидланди.
“Ҳокимлар ҳам “Бу энергетикларнинг иши” деб хотиржам ўтиришга ҳаққи йўқ. Сўров қаттиқ бўлади”,
– деди Президентимиз.
