Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятида ишлаб чиқарилган махсус техникалар билан танишди
“Нурафшон махсус техника” корхонасида бугунги кунда “KRANTAS” бренди остида махсус турдаги автомобиллар, ҳарбий техника ва турли механизмлар ишлаб чиқарилмоқда, 300 нафардан ортиқ юқори малакали мутахассис доимий иш ўрни билан таъминланган.

Президент Шавкат Мирзиёев Нурафшон шаҳридаги “Нурафшон махсус техника” корхонасига ташриф буюрди.
Мамлакатимизда автомобилсозлик ва машинасозлик тармоқларини замонавий талаблар асосида ислоҳ қилиш, соҳанинг рақобатбардошлиги ва самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Умумий қиймати 50 миллион АҚШ доллари бўлган лойиҳа доирасида 25,8 гектар майдонда ташкил этилган “Нурафшон махсус техника” корхонасида бугунги кунда “KRANTAS” бренди остида махсус турдаги автомобиллар, ҳарбий техника ва турли механизмлар ишлаб чиқарилмоқда, 300 нафардан ортиқ юқори малакали мутахассис доимий иш ўрни билан таъминланган.
.jpg)
Ишлаб чиқаришда фойдаланилаётган ускуна ва технологиялар АҚШ, Германия, Италия, Швеция, Россия, Хитой ҳамда Туркия давлатларидан келтирилган.
Ўтган даврда 2 ярим минг тоннага яқин металл конструкция, 300 дан зиёд автомобиль устқурмаси, 200 дан ортиқ шасси ва 20 дан зиёд трактор ишлаб чиқарилди. Жумладан, ўтган йилда 275 миллиард сўмлик техника ва механизмлар буюртмачиларга етказиб берилди.
Корхона импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Шу мақсадда Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманидаги 10 гектар ер майдонида янги завод қуриш режалаштирилган. Бу эса йилига 15-18 миллион АҚШ долларлик маҳсулотларни маҳаллийлаштириш имконини беради.

Давлатимиз раҳбари мажмуадаги ишлаб чиқариш жараёнлари, маҳсулотлар ва замонавий технологик ечимларни кўздан кечирди. Соҳа мутасаддилари ва муҳандислар билан мулоқотда маҳаллийлаштиришни кенгайтириш, саноат кооперациясини ривожлантириш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
