Ҳудудий ижтимоий хизматлар марказлари сони уч баробарга оширилади
Тошкент вилоятида илк маротаба ташкил этилган Ижтимоий ҳимоя мажмуаси аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига комплекс хизматларни бир жойда кўрсатиш имкониятига эга.

Давлатимиз раҳбари Нурафшон шаҳрида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг янги барпо этилган Ижтимоий ҳимоя мажмуасида яратилган шароитлар билан танишди.
Мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, фуқароларга кўрсатилаётган давлат ижтимоий хизматлари кўлами ва турларини кенгайтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Тошкент вилоятида илк маротаба ташкил этилган Ижтимоий ҳимоя мажмуаси аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига комплекс хизматларни бир жойда кўрсатиш имкониятига эга.
У ерда 5 та муассаса – Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Тошкент вилояти бошқармаси, ҳудудий Ижтимоий инспекция, Нурафшон шаҳри “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази, тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси ҳамда ҳудудий ижтимоий хизматлар маркази жойлаштирилган.

Мажмуа барпо этилиши ҳисобига ҳар йили Нурафшон шаҳри ҳамда унга яқин бўлган Ўрта Чирчиқ, Пискент, Оққўрғон ва Бўка туманларида 10 мингга яқин фуқаро ижтимоий хизматлар билан қамраб олинади.
Мазкур муассасада 100 нафарга яқин ходим фаолият юритиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг жамиятга тўлақонли ва мустақил мослашишига кўмак берилади.
Шунингдек, ҳудудий ижтимоий хизматлар марказида фуқароларнинг индивидуал эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда нодавлат сектор имкониятларини кенг жалб этиш орқали 5 турдаги ижтимоий хизматлар кўрсатилиши йўлга қўйилган.
Натижада кўп йиллар уйида ўтириб қолган ва ногиронлиги бўлган шахслар, ўзгалар парваришига муҳтожлар, ногиронлиги бўлган болалар жамиятга интеграция қилинади.

Шу ернинг ўзида давлатимиз раҳбари ногиронлиги бўлган шахсларни янги стандарт ва сунъий интеллект ёрдамида ташхислаш, Тошкент вилоят тажрибаси асосида маҳалладаги ижтимоий ходимларнинг янгича ишлаш механизмлари тақдимоти билан танишди.
Президентимиз мазкур Ижтимоий ҳимоя мажмуасида яратилган шароитларни кўздан кечирар экан, аҳолининг муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятга муносиб мослашиши ҳамда ижобий руҳият билан яшашига кўмаклашиш давлатимиз сиёсатининг устувор вазифаларидан бири эканини таъкидлади.
Шундан сўнг Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Тошкент вилоятидаги “Инсон” волонтёрлари жамоаси билан суҳбатлашиб, уларнинг лойиҳалари билан танишди. Мажмуа фаолиятини маъқуллаб, республика бўйлаб шунга ўхшаш ҳудудий ижтимоий хизматлар марказлари сонини уч баробарга ошириш бўйича мутасаддиларга топшириқ берди.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, мавжуд имкониятларни янада кенгайтириб, ҳудудий ижтимоий хизматлар марказлари сонини республикада камида 90 тага етказиш мақсад қилинган. Бунда янги марказлар ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли кўп истиқомат қиладиган, транспорт қатнови қулай ҳамда фуқаролар учун етиб бориш осон бўлган ҳудудларда ташкил этилиши режалаштирилган.
