Президент “Intil” халқаро тил ва касбга ўқитиш маркази билан танишди
Мажмуада 600 ўринли ўқув, 180 ўринли амалий машғулот хоналари, 120 ўринли имтиҳон маркази ва 400 ўринли ётоқхона мавжуд. Ҳозирда 6 та халқаро лойиҳа доирасида 240 нафар тингловчи таҳсил олмоқда. Улар учун ўқиш ва ётоқхона бепул. Президентимиз тил ва касбга ўқитиш хоналаридаги машғулотлар билан танишди.

Президент Шавкат Мирзиёев 2 ноябрь куни Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги “Intil” халқаро тил ва касбга ўқитиш маркази фаолияти билан танишди.
Мамлакатимизда хорижда ишлаш истагидаги фуқароларни аниқ иш ўринларига мақсадли тайёрлашга эътибор қаратилмоқда. Бунда тил ўргатиш, касбий кўникма бериш, малакани тасдиқлаш ва ишга жойлашишга кўмаклашиш жараёнларини ўзаро боғлаш муҳим аҳамиятга эга. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги томонидан ташкил этилган марказ ана шу вазифаларга хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбарига марказнинг имкониятлари, таълим дастурлари ва хорижлик ҳамкорлар билан йўлга қўйилган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.
– Ўн йил олдин қонуний миграция бўйича саноқли давлатлар билан келишувимиз бор эди. Бугун очиқлик сиёсатимиз туфайли ёшларимиз учун кўплаб давлатларда муносиб иш имкониятлари очилмоқда, – деди Президентимиз. – Мен ёшларимизни чет элга оддий ишчи эмас, малакали мутахассис сифатида юбормоқчиман. Мақсадимиз – уларга касб ўргатиш, янги муҳит ва маданиятга мослашишига кўмаклашиш.
Қарийб 3,5 гектар майдонда жойлашган марказда фуқаронинг дастлабки мурожаатидан тортиб, ҳужжатларини расмийлаштириш, тил ва касб ўрганиш, имтиҳон топшириш ҳамда хорижга ишга жўнаб кетишигача бўлган жараёнлар бир жойда ташкил этилган. Фронт-офисда маслаҳат ва виза масалалари бўйича кўмак кўрсатилади. Бу ерда банк хизматлари, авиачипта кассалари ва колл-марказ ҳам фаолият юритади.

Мажмуада 600 ўринли ўқув, 180 ўринли амалий машғулот хоналари, 120 ўринли имтиҳон маркази ва 400 ўринли ётоқхона мавжуд. Ҳозирда 6 та халқаро лойиҳа доирасида 240 нафар тингловчи таҳсил олмоқда. Улар учун ўқиш ва ётоқхона бепул.
Президентимиз тил ва касбга ўқитиш хоналаридаги машғулотлар билан танишди. Марказда немис, инглиз, япон, корейс, чех, поляк, итальян ва словак тиллари ўргатилади. Тил тайёргарлиги дастурлари 6 ойдан 10 ойгача давом этади. Уларнинг мазмуни хорижлик иш берувчиларнинг эҳтиёжларига қараб янгилаб борилади.
Касбий таълим 12 та дастурни қамраб олган. Тингловчилар тиббиёт, пайвандчилик, электр ва сантехника ишлари, омбор логистикаси, қурилиш, меҳмонхона ва ресторан хизмати, ошпазлик каби йўналишлар бўйича тайёрланмоқда.
– Қаерга борманглар, ўша давлатда маданиятимиз, урф-одатларимиз ва тарихимизни таништиринглар. Яқинда Япониянинг Нагоя шаҳри мэри ёшларимизнинг маданияти ва одобига қойил қолиб, менга мактуб йўллади. Сизлар ҳақингизда ҳам “буюк тарихга эга буюк мамлакат фарзандлари экан” деган гаплар айтилишини истайман, – деди Президентимиз тингловчилар билан суҳбатда.
.jpg)
Мамлакатимиз етакчиси амалий симуляция хоналарида коммунал ва қурилиш соҳаларига оид машғулотларни кўздан кечирди. Бу ерда тингловчилар иш жойига яқинлаштирилган шароитда касбий кўникмаларини мустаҳкамлайди. Жумладан, сантехника ва электр тизимлари билан ишлаш ўргатилади, пайвандчилар ISO 9606 халқаро стандартлари асосида тайёрланади. Ўқув жиҳозлари Германия, Хитой ва Россиядан келтирилган.
Шундан сўнг давлатимиз раҳбари имтиҳон хоналарини кўрди. Марказда тингловчиларни халқаро тил сертификатларига тайёрлашга эътибор қаратилиб, ÖSD, TELC, J-CERT ва EPS TOPIK имтиҳонларини топшириш имконияти яратилган.
– Инглиз тилига қандай имтиёз берган бўлсак, немис ва япон тилларини ҳам шундай ўргатамиз. Мактабни тугатгандан кейин кафолатли иш жойига эга бўлиши учун тилни ҳам, касбни ҳам мактабдаёқ ўргатишимиз керак, – деди Президентимиз.
Тайёргарлик хорижлик ҳамкорлар билан биргаликда олиб борилмоқда. “Proud Partners”, “Onodera User Run”, “Deutsche Bahn”, “RecruitMed GmbH”, “PentaHospital” компаниялари ва Перуджиа университети иштирокидаги лойиҳалар фуқароларни иш берувчилар талабига мос ўқитиш ва ишга жойлаштиришга кўмаклашишга қаратилган.
.jpg)
Тингловчилар учун коворкинг, спорт майдончалари ва дам олиш ҳудудлари ҳам ташкил этилган. Марказда 40 нафар маҳаллий ходим ва ўқитувчи, шунингдек, 6 нафар хорижлик тил ўқитувчиси фаолият юритмоқда.
Президентимиз чет эллик иш берувчилар эҳтиёжидан келиб чиқиб, номзодларни саралаш, тил ва касбга ўқитиш ҳамда ишга жойлаштиришга кўмаклашишни бирлаштирган ушбу тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам жорий этиш юзасидан тавсиялар берди.





