Депутатлар алифбога ўзгартириш киритиш бўйича лойиҳани қабул қилди
Қонун лойиҳаси лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси 26 та ҳарф ва 3 та ҳарфлар бирикмаси ўрнига 28 та ҳарф ва 1 та тутуқ белгисидан ташкил топишини назарда тутади.

“Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Қонун лойиҳаси билан лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси 26 та ҳарф ва 3 та ҳарфлар бирикмаси ўрнига 28 та ҳарф ва 1 та тутуқ белгисидан ташкил топиши, шунингдек, айрим ҳарфларнинг қўлланилишига аниқлик киритилиши назарда тутилмоқда.
Муҳокамалар давомида депутатлар томонидан қонун лойиҳасининг амалиётда самарали ва босқичма-босқич жорий этилишини таъминлашга қаратилган қатор таклифлар билдирилди.
Хусусан, қонун кучга киргунига қадар расмийлаштирилган ҳужжатлар, миллий валюта ва қимматли қоғозларнинг амал қилиши сақлаб қолиниши, шунингдек давлат органлари ва ташкилотларининг рамзий белгилари, пешлавҳа ва кўрсаткичлари ҳамда бошқа атрибутлардан белгиланган муддатгача фойдаланиш тартиби назарда тутилди.
Мазкур ёндашув давлат органлари ва ташкилотларида амалда фойдаланилаётган ҳужжатлар, бланкалар, пешлавҳалар, кўрсаткичлар ва бошқа моддий воситаларни бир вақтнинг ўзида алмаштириш заруратини бартараф этади.
Натижада давлат бюджети маблағларининг асоссиз сарфланишининг олди олинади, қўшимча давлат харажатлари юзага келишига йўл қўйилмайди ҳамда алифбодаги ўзгаришларни амалга ошириш давлат органлари ва ташкилотлари учун молиявий жиҳатдан мақбул, босқичма-босқич тартибда таъминланади.
