"E-qaror" тизимида асоссиз яширилган 800 га яқин ҳужжат очиқланди
Қонунбузилишларга йўл қўйган 3 нафар раҳбар ишдан бўшатилган, 2 нафарига "ҳайфсан" берилган, 96 нафар масъул эса интизомий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирилган.

"E-qaror" тизимида асоссиз яширилган 771 та ҳужжат очиқланди.
Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Ахборот хизмати раҳбари Шерзод Сапаров иштирокида ўтказилган брифингда маълум қилинди. Тадбирда коррупцияга қарши курашишда фуқаролик жамияти институтлари ролини кучайтириш, давлат органлари фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Таъкидланишича, жорий йилнинг ўн ойида давлат буюртмачилари томонидан амалга оширилган умумий қиймати қарийб 36,1 млрд сўмлик 33 та давлат харидида қонунбузилишлар аниқланган.
Агентлик тақдимномалари асосида ушбу харидлар бекор қилиниб, харид жараёнларининг қонунга хилоф равишда давом эттирилиши олди олинган.
Шунингдек, "E-qaror" тизимида асоссиз яширилган 771 та ҳужжат очиқланиб, қонунбузилишларга йўл қўйган 3 нафар раҳбар ишдан бўшатилган, 2 нафарига "ҳайфсан" берилган, 96 нафар масъул эса интизомий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирилган. Таҳлилларга кўра, 2026 йилнинг 9 ойида маҳаллий ҳокимликлар томонидан жами 128 174 та ҳужжат қабул қилинган бўлиб, шундан 90 859 таси ёки 71 фоизи очиқланган, 37,315 таси ёки 29% “яширилган” ёки ХДФУ грифи асосида қабул қилинган.
Бў кўрсаткич, ёпиқ ҳужжатлар кўлами ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 15 фоизга камайганини кўрсатади.
9 ойида фуқаролик жамияти институтларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги 25 та лойиҳаларини молиялаштириш учун жами 6,3 миллиард сўм миқдорида грант маблағлари ажратилди. Бу 2025 йилнинг 12 ойида ажратилган 3,4 миллиард сўмлик маблағга нисбатан қарийб 85 фоизга ёки икки баробарга кўпдир.
Жорий йил ўн ой давомида давлат буюртмачилари томонидан амалга оширилган умумий қиймати қарийб 36,1 млрд. сўмлик 33 та давлат харидида қонунбузилишлар аниқланиб, Агентликнинг тақдимномалари асосида мазкур харидларни бекор қилиш орқали харид жараёнларининг қонунга хилоф равишда давом эттирилиши олди олинди.





