Таълим тизимида янги алифбога ўтиш 2027 йилдан бошланиши кутилмоқда
Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбек алифбосига киритилган ўзгартиришларни жамият ҳаётининг барча соҳаларига жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори лойиҳаси эълон қилинди. Банк мобил иловалари, банкоматлар, тўлов терминаллари, солиқ ва божхона ахборот тизимлари ҳамда электрон савдо платформалари интерфейслари ҳам янги алифбога мослаштирилади.

Адлия вазирлиги томонидан 21 ноябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбек алифбосига киритилган ўзгартиришларни жамият ҳаётининг барча соҳаларига жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Жамоатчилик муҳокамаси 6 декабрга қадар давом этади.
Ҳужжат давлат органлари, таълим муассасалари, оммавий ахборот воситалари, бизнес субъектлари ва рақамли хизматларни янгиланган лотин алифбосига босқичма-босқич ўтказиш тартибини белгилайди.
Қарор лойиҳасига кўра, қонун кучга кирганидан кейин ID-карталар, хорижга чиқиш паспортлари, ҳайдовчилик гувоҳномалари, автомобилларнинг техник паспортлари ва кадастр ҳужжатлари янги алифбода расмийлаштирилади.
Бироқ аввал берилган ҳужжатлар ўз юридик кучини сақлаб қолади. Демак, фуқаролар амалдаги паспорт, гувоҳнома ва мулкий ҳуқуқларни тасдиқловчи ҳужжатларини фақат алифбо ўзгаргани сабабли алмаштириши шарт эмас.
Давлат органларига исм, фамилия ёки отасининг исми ёзилишидаги фарқлар туфайли фуқароларга хизмат кўрсатишни, ҳужжатларни қабул қилишни ёки шахсини тасдиқлашни рад этиш тақиқланиши ҳам назарда тутилган.
Аввал тайёрланган ҳужжат бланкаларидан 2028 йил 1 январга қадар фойдаланишга рухсат берилади. Миллий валюта ва қимматли қоғозларни эса қайта расмийлаштириш талаб этилмайди.
Лойиҳага кўра, таълим тизимида янги алифбога ўтиш 2027–2031 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган. Бу даврда 1–11-синфлар учун дарсликлар ва ўқув-методик мажмуалар янги имло қоидаларига мослаштирилади.
Биринчи ўзгаришлар 2027/2028 ўқув йилидан бошлаб биринчи синф дарсликларида жорий этилиши кутилмоқда. Қолган синфлар учун дарсликлар эса белгиланган қайта нашр этиш муддатларига мувофиқ янгиланади.
Қарор лойиҳасида қонун кучга кирганидан кейин ўзбек тилидаги ОАВ материаллари ва босма маҳсулотларни янгиланган алифбода чоп этиш назарда тутилган.
Бу талаб газета, журнал, телеканал ва интернет нашрларига ҳам тааллуқли. Таҳририятлар техник воситаларни тайёрлаши ва ходимларни янги имло қоидаларига ўқитиши керак бўлади.
Рақамли технологиялар вазирлигига Ö, Ğ, Ş ва Ç ҳарфларини қулай киритиш имконини берувчи ўзбек клавиатурасининг ягона стандартини ишлаб чиқиш топширилиши режалаштирилган.





