platina.uz
Tashkent Content Market — 4–5 fevral 2027, tcm.uz
Жамият

Иссиқлик таъминоти соҳасига хорижий мутахассис ва халқаро консультантлар жалб қилинади

Иситиш мавсумида аҳолини, айниқса, эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари кучайтирилади. Бу ҳақда жамоатчилик муҳокамасига қўйилган Президент фармони лойиҳасида сўз боради.

Иссиқлик таъминоти соҳасига хорижий мутахассис ва халқаро консультантлар жалб қилинади

Лойиҳага кўра, 2026/2027 йилги иситиш мавсумида, жумладан, жорий йилнинг ноябрь ойида эҳтиёжманд оилаларга 1 млн сўмдан бир марталик моддий ёрдам ажратилади. Маблағ 2026 йил 30 ноябрга қадар фуқароларнинг ижтимоий карта ёки банк карталарига ўтказилади.

Ёрдам Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга берилади. Шунингдек, реестрга кирмаган, лекин «маҳалла еттилиги» хулосаси ва идоралар ахборот тизимларидаги маълумотлар асосида оиладаги жон бошига даромади минимал истеъмол харажатларининг (МИХ) 2 бараваридан ошмайдиган оилалар ҳам қамраб олинади. Марказлашган иситиш тизимига уланган кўп қаватли уйларда яшовчи оилалар учун бу мезон Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда МИХнинг 2 баравари, Тошкент шаҳрида эса 3 баравари этиб белгиланмоқда.

Ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар реестридаги фуқаролар ҳамда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар яшаётган оилалар ҳам ёрдам олади.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси томонидан муҳокамага чиқарилган қарор лойиҳасига кўра, 2026 йил 1 ноябрдан аҳолига кўрсатиладиган марказлашган иситиш ва иссиқ сув хизматлари учун янги тарифлар жорий этилиши кутилмоқда. Иссиқлик таъминоти хизматлари тарифларини 2030 йилга қадар босқичма-босқич таннарх даражасига етказиш кўзда тутилган.

Тарифларни ўзгартириш билан бирга, соҳани ислоҳ қилиш бўйича чоралар ҳам белгиланмоқда. 2026 йил якунига қадар «Иссиқлик таъминоти» АЖнинг молиявий масалалар бўйича раис ўринбосари ва техник масалалар бўйича раис маслаҳатчиси лавозимларига хорижий малакали мутахассислар жалб этилади. Жамият кузатув кенгашидаги мустақил аъзолар улуши бир ой муддатда 75 фоизгача етказилади.

Бир ой муддатда иссиқлик энергияси таннархини 15 фоизгача камайтириш дастури ишлаб чиқилади, корхоналар 2026 йил якунига қадар «Биллинг» дастури билан қамраб олинади. Тармоқлардаги йўқотишларни 2027 йил якунига қадар 25 фоизга камайтириш учун Жамият ижро органига самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) жорий қилинади.

Иссиқлик таъминоти тизимлари 2027 йил якунига қадар тўлиқ техник аудитдан ўтказилиб, уларни модернизация қилиш дастури ишлаб чиқилади. 2027 йил 1 майга қадар эса соҳани 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясини халқаро консультантлар билан биргаликда ишлаб чиқиш режалаштирилган.

Телеграмда кузатиб боринг!

Тавсия этамиз

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid