Самарқанднинг икки ҳудудида адвокатлар ушланди
Улардан бири Жиззах вилоятидаги манзил колонияда жазо ўтаётган маҳкумнинг жазо муддатини қисқартириб бериш эвазига унинг танишидан 15 минг АҚШ доллари олган.

Самарқандда икки адвокат ушланди.
ДХХ Жиззах вилояти бўйича бошқармаси ва вилоят прокуратураси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Самарқанд вилояти Ургут туманида фаолият юритувчи адвокатнинг ноқонуний ҳаракатига чек қўйилди.
Мазкур адвокат мансабдор танишлари орқали Жиззах вилоятидаги манзил колонияда озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган маҳкумнинг жазо муддатини қисқартириб бериш эвазига унинг танишидан 15 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманида фаолият юритувчи адвокат эса жиноят ишлари бўйича мазкур туман судида кўрилаётган жиноят иши бўйича ҳимоячи сифатида қатнашиб, мансабдор танишлари орқали судланувчига енгилроқ жазо тайинланишида ёрдам беришини айтиб, унинг ўғлидан 2 минг АҚШ доллари талаб қилган.
ДХХ ва Прокуратура органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда адвокат сўралган пул маблағини олган вақтида ушланди.
Ҳозирда адвокатларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
