Шавкат Мирзиёев Жаҳон банки ва ХВЖ вакилларини қабул қилди
Жаҳон банки билан Ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг энг асосий йўналишларини қамраб олувчи янги узоқ муддатли Мамлакат дастурини ишлаб чиқиш режалари қўллаб-қувватланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 29 июнь куни Жаҳон банки таъсисчи давлатларининг “Швейцария гуруҳи” йиғилишида иштирок этиш учун мамлакатимизда бўлиб турган банкнинг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти Антонелла Бассани бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Антонелла Бассани давлатимиз раҳбарига Жаҳон банки президенти Ажай Банганинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди.
Жаҳон банки гуруҳи билан стратегик ҳамкорликни Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган таркибий ислоҳотларнинг устувор йўналишлари бўйича кенг миқёсда ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Сўнгги йилларда ушбу нуфузли халқаро молиявий институт билан икки томонлама алоқалар ва конструктив шериклик мисли кўрилмаган даражага кўтарилгани мамнуният билан қайд этилди.
Ўтган йил сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида Жаҳон банки президенти билан эришилган олий даражадаги келишувлар изчил амалга оширилмоқда.
Қўшма лойиҳалар портфели 15 миллиард доллардан ошди. Тошкент шаҳрида Жаҳон банкининг минтақавий офиси муваффақиятли фаолият юритмоқда. Молиялаштиришнинг янги механизмлари самарали жорий этилмоқда.
Жорий йилда бўлиб ўтадиган Жаҳон банки олий раҳбариятининг ташрифлари ва қўшма тадбирларга пухта тайёргарлик кўриш муҳимлиги таъкидланди.
Ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг энг асосий йўналишларини қамраб олувчи янги узоқ муддатли Мамлакат дастурини ишлаб чиқиш режалари қўллаб-қувватланди.
Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш чора-тадбирларини амалга ошириш, давлат корхоналарини хусусийлаштириш бўйича қўшма дастурларни илгари суриш ҳамда иқтисодиёт тармоқларига сунъий интеллект технологияларини жорий этишда Жаҳон банки гуруҳининг молиявий воситаларидан фойдаланишни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Сув хўжалиги соҳасини молиялаштириш, инсон капиталини ривожлантириш, шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилашга кўмаклашиш масалаларида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳам устувор вазифалардан бири сифатида қайд этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 29 июнь куни Халқаро валюта жамғармаси “Швейцария гуруҳи”нинг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган жамғарма бошқарувчи директорининг ўринбосари Бо Лини қабул қилди.

Учрашув аввалида Бо Ли давлатимиз раҳбарига Халқаро валюта жамғармаси бошқарувчи директори Кристалина Георгиеванинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Глобал молия бозорларининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Ушбу нуфузли халқаро институт билан амалий ҳамкорликни, энг аввало, ўтган йил сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида Халқаро валюта жамғармаси раҳбари билан ўтказилган учрашувда эришилган келишувлар доирасида янада мустаҳкамлашнинг асосий жиҳатлари кўриб чиқилди.
Юртимизда пул-кредит, валюта ва фискал сиёсатни такомиллаштириш каби йўналишларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда жамғарма муҳим ўрин тутиши қайд этилди.
Макроиқтисодий сиёсат стратегияси ва рақамли тўловлар тизимини ривожлантириш, капитал ҳаракатини либераллаштириш, миллий статистика методологияси ва давлат даромадларини бошқаришни такомиллаштириш ҳамда эркин валюта айирбошлаш курсини қўллаб-қувватлаш масалаларида экспертлик ва техник кўмакни янада кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.
Мамлакатимиз иқтисодий идоралари учун кадрлар тайёрлаш дастурларини ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
