Пойтахтда йилнинг энг йирик медиа форуми бошланди
Унда мамлакатнинг етакчи журналистлари, блогерлари, вазирлик ва идоралар матбуот котиблари, медиа экспертлар ҳамда контент яратувчилар жам бўлиб, соҳанинг бугунги ҳолати, долзарб вазифалари ва келгуси ривожланиш йўналишларини муҳокама қилади.

27 июн — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан пойтахтда миллий медиа соҳаси учун муҳим тадбирлар бошланди. Бу сана соҳа вакиллари учун нафақат касб байрами, балки бир йил давомида амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар сарҳисоби ҳамдир.
Бугун Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази ташаббуси билан ташкил этилган энг йирик медиа форум ўз ишини бошлади. Унда мамлакатнинг етакчи журналистлари, блогерлари, вазирлик ва идоралар матбуот котиблари, медиа экспертлар ҳамда контент яратувчилар жам бўлиб, соҳанинг бугунги ҳолати, долзарб вазифалари ва келгуси ривожланиш йўналишларини муҳокама қилади.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот котиби Шерзод Асадов сўзга чиқиб, медиа соҳасини ривожлантириш, миллий контент сифатини ошириш ҳамда замонавий ахборот маконида рақобатбардош медиани шакллантириш масалаларига тўхталиб ўтиши кутилмоқда.
Шунингдек, форум доирасида жорий йилнинг 30 мартдан 26 июнга қадар республика бўйлаб илк бор ўтказилган “Медиа ҳафталик” лойиҳаси якунлари сарҳисоб қилиниб, энг фаол иштирокчилар тақдирланади.
Кун давомидаги дастурдан соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган ижодкорларни давлат мукофотлари билан тақдирлаш маросими ҳамда журналистика соҳасидаги энг нуфузли танловлардан бири — “Олтин қалам” халқаро миллий мукофоти ғолибларини эълон қилиш тантаналари ҳам ўрин олган.
Шу тариқа 27 июн мамлакат медиа соҳаси учун нафақат касб байрами, балки профессионал мулоқот, тажриба алмашиш ва йил давомида эришилган натижаларни сарҳисоб қилиш майдонига айланмоқда.
