Тошкентда руҳий хаста фуқаро бошқарувидаги Cobalt бир неча автомобилларга зарар етказди
Бошқа фуқароларга зарар етказилишининг олдини олиш мақсадида ИИО ходимлари томонидан табел қуролидан фойдаланилиб, огоҳлантиришдан сўнг автомашина ғилдирагига ўқ узиш орқали тўхтатилган.

Ижтимоий тармоқларда оқ рангли Cobalt русумли автомашина бир нечта транспорт воситаларига шикаст етказганлиги акс этган видео тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ баёнот берди.
Жорий йилнинг 11 июн куни тахминан соат 21:34 ларда 1982 йилда туғилган Р.Ю. (руҳий-асаб касалликлари шифохонасида рўйхатда турувчи) ўзининг бошқарувидаги бўлган Cobalt русумли автомашинада Яккасарой тумани Шота Руставели кўчаси бўйлаб йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳолда, ўзгалар ҳаётини хавф остига қўйиб ҳаракатланган.
Ҳудудда хизмат олиб бораётган ИИО ходимларининг тўхташ ҳақидаги қонуний талабига бўйсунмасдан, ҳаракатни давом эттириб, бир нечта транспорт воситаларига техник шикаст етказган.
Кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида ушбу фуқаро томонидан бошқа фуқароларга зарар етказилишининг олдини олиш мақсадида ИИО ходимлари томонидан табел қуролидан фойдаланилиб, огоҳлантиришдан сўнг автомашина ғилдирагига ўқ узиш орқали тўхтатилган ва кейинги ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда. Текширув якуни бўйича қўшимча маълумот берилади. Ҳолат Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи томонидан назоратга олинган.
