Ўзбекистонда салкам 600 дона ноқонуний қурол аниқланди
Ушбу вазиятлар бўйича 264 та жиноий иши қўзғатилган, ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, энг кўп ҳолатлар Қорақалпоғистон Республикасида — 44 та, Фарғона вилоятида — 39 та қайд этилган.

Ўзбекистонда 598 та ноқонуний қурол аниқланди
Президент Администрацияси ҳузуридаги Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги мувофиқлаштирувида ҳуқуқ-тартибот органлари орасида ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Хусусан, жорий йилнинг бошидан буён ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирлар натижасида 7,5 мингдан зиёд қурол муомаласига доир қонунчилик бузилиши ҳолатлари аниқланган бўлиб, 598 та ноқонуний қурол ва 3.2 мингга яқин ўқ-дорилар олиб қўйилган.
Ушбу ҳолатлар бўйича 264 та жиноий иши қўзғатилган, ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, энг кўп ҳолатлар Қорақалпоғистон Республикасида — 44 та, Фарғона вилоятида — 39 та қайд этилган. Энг ками Жиззах ҳамда Хоразм вилоятларига - 5 тадан тўғри келади.
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 48 мингдан ортиқ фуқаро ов қуролини сақлаш ва ишлатишга рухсатномага эга. Уларнинг овчилик фаолияти ҳам доимий давлат органлари назоратида.
Жумладан, мунтазам равишда браконьерликка қарши курашиш рейдлари ўтказилиб келинади. Жорий йилнинг ўтган даврида 2 мингга яқин рейди тадбирлари ташкил этилиб, 575 та қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган. Бевосита хайвонот дунёси объектларини ноқонуний овлаганлик бўйича 55 та ҳолат аниқланган. Энг кўп ҳолатлар Қашқадарё ва Хоразм вилоятларига тўғри келади – 12 тадан. Браконьерлик фаолияти туфайли табиатга жами 4.3 млрд сўм зарар келтирилган, уларнинг деярли тенг ярми Қашқадарё ва Тошкент вилоятларига тўғри келади.
Ўтказилган кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишлари натижасида фуқаролар томонидан ихтиёрий равишда 433 қурол ва 3 мингдан зиёд ўқ-дорилар топширилган.
