Тарихий адолат: 161 нафар қатағон қурбони оқланди
Улар "босмачилик ҳаракатларига моддий ёрдам беришда, қуролли тўда тузишда, совет ҳокимиятига қарши қўзғолонлар ҳамда аксилинқилобий ҳаракатини амалга оширганликда" айбланган.

Тарихий адолат: яна 161 нафар қатағон қурбони оқланди. Бу ҳақда Олий суд хабар берди.
Тарихий адолатни тиклаш, мустабид тузум даврида ноҳақ айбланган, мол-мулки мусодара этилиб, ўзлари қувғину қатағонга дучор этилган аждодларимиз номини оқлаш йўлида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Куни кеча Олий судга Туркфронтнинг Фарғона қўшинлар гуруҳи Ҳарбий кенгаши қошидаги Фарғона махсус бўлими ҳамда Ўрта Осиё ва Қозоғистон бирлашган давлат сиёсий бошқармаси қошидаги Учлик Кенгашининг 1920-1934 йиллардаги қарорларига кўра босмачилик ҳаракатларига моддий ёрдам беришда, қуролли тўда тузишда, совет ҳокимиятига қарши қўзғолонлар ҳамда аксилинқилобий ҳаракатини амалга оширганликда айбланган бир гуруҳ ватандошларимизга оид жиноят ишлари келиб тушиб, ишчи гуруҳ томонидан ўрганиб чиқилди.
Бугун бўлиб ўтган очиқ суд мажлисларида Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддасига асосан 8 та жиноят иши бўйича 161 нафар шахсга нисбатан Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг оқлов ҳукмлари чиқарилди.
Оқланганлар рўйхати ушбу ҳаволада келтирилган.
Эслатиб ўтамиз, кейинги йилларда совет даврида қатағон қилинган 1 236 нафар ватандошимиз реабилитация қилиниб, оқланди.
