Ўта йирик миқдордаги фирибгарликда гумонланган шахс Перудан Ўзбекистонга келтирилди
У Туркия фуқароси бўлиб, Перу ҳудудида тергов органларидан яшириниб юрган ва халқаро қидирув доирасида қўлга олинган.

Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан Интерпол каналлари орқали қидирувга берилган фуқаро Перудан Ўзбекистонга олиб келинди.
Мазкур тадбир Интерполнинг Ўзбекистон ва Перу Миллий марказий бюроларининг мувофиқлаштирилган ҳаракатлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Халқаро-ҳуқуқий департаменти ҳамда Перу Республикаси Адлия вазирлигининг фаол кўмаги натижасида амалга оширилган.
Унда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми билан жиноий жавобгарликка тортилиши белгиланган ўта йирик миқдордаги фирибгарликни содир этганлиги учун қидирувда бўлган Туркия Республикаси фуқароси экстрадиция қилинди.
Гумонланувчи Перу Республикаси ҳудудида тергов органларидан яшириниб юрган ва халқаро қидирув доирасида қўлга олинган.
Экстрадиция Тошкент ва Лима Миллий марказий бюролари ходимларининг ҳамкорликдаги тезкор-қидирув тадбирлари ҳамда экстрадиция жараёнида транзит ўтган Франция ва БАА ваколатли органларининг халқаро ҳуқуқ доирасида кўрсатган ёрдами туфайли амалга оширилди.
Экстрадиция қилинган шахс кейинги процессуал ҳаракатларни ўтказиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ жиноий жавобгарликка тортиш учун Интерпол Миллий марказий бюроси ва Республика Бош прокуратураси ходимлари ҳамроҳлигида Ўзбекистон Республикасига олиб келинди.
