АҚШда олимлар сирли равишда ғойиб бўлди: НУЖ айбдорми ёки жосуслар?
Бундай ҳолатларнинг энг сўнггиси АҚШ ҳаво кучларининг истеъфодаги генерали Уилям Нил Маккасленд билан боғлиқ. У 27 феврал куни Ню-Мексико штатидаги Албукерке шаҳридаги уйидан ғойиб бўлган.

ФТБ, Оқ уй ва Конгресс АҚШдаги олимларнинг сирли йўқолиши ва ҳалокати юзасидан текширув бошлади. Уларнинг барчаси махфий лойиҳалар устида ишлаган. NBC News ёзишича, сўнгги тўрт йил ичида камида 11 киши бедарак йўқолган ёки ноаниқ ҳолатларда вафот этган. Шу билан бирга, олимлар АҚШнинг космик, ядровий ва мудофаа дастурларига кириш ваколатига эга бўлган.
Биринчи қурбон
Кенг қамровли текширувга Эми Эскриджнинг ўлими сабаб бўлди. 34 ёшли аёл 2022 йил июн ойида тўппонча ўқидан ҳалок бўлган. Унинг ўлими расман ўз жонига қасд қилиш сифатида баҳоланган, аммо тафсилотлар ошкор этилмагани турли конспирологик тахминларни келтириб чиқарди. Global Times ёзишича, Эскридж “антигравитация тадқиқотлари” деб атаган экспериментал двигател концепциялари билан шуғулланган.
Олима аёл ҳалокатидан бир неча ой олдин берган интервюлардан бирида ўз ишини “жамоатчиликдан четлаштириш” мақсадида унга босим ўтказилаётганини айтган эди.
Конспирологиями ёки махфий хизматлар аралашуви?
NBC News АҚШнинг ядровий ёки космик дастурларига зарар етказиш мақсадида эҳтимолий фитна ҳақидаги овозаларга ишора қилади. Нашр 11 та шубҳали ҳолатни санаб ўтган: уларнинг барчаси АҚШнинг ядровий ёки ракета технологиялари соҳасида ишлаган мутахассислар билан боғлиқ.
Сўнгги ҳолат феврал ойида содир бўлган. АҚШ ҳаво кучларининг истеъфодаги генерал-майори Нил Маккасланд Ню-Мексикодаги уйидан ғойиб бўлган. Унинг уйида кўзойнаги ва телефони қолган, 38-калибрли револвери ҳам тегилмаган ҳолда топилган. Офицер ҳаётлигида қуроллар учун материаллар ва қайта фойдаланиладиган космик аппаратлар ишлаб чиқиш билан шуғулланган. Сенатор Тим Берчетт Маккасланд тақдирини аниқлашга уринганини, аммо махсус хизматлар қаршилигига дуч келганини айтган.
Яна икки ҳолат 2023 йилда рўй берган. Ўшанда NASA реактив ҳаракат лабораторияси ходими Майкл Дэвид Хикс тўсатдан вафот этган. Шу лабораторияда материалларни қайта ишлаш гуруҳи раҳбари бўлган Моника Реза эса сайр пайтида бедарак йўқолган. NASA ходимларидан ташқари, сирли равишда йўқолган ёки ҳалок бўлганлар рўйхатида фармацевтика соҳасидаги тадқиқотчи ва ядровий қурол компонентлари ишлаб чиқаришда иштирок этган давлат пудратчиси ҳам бор.
Ҳукумат ҳамон жим
Расмий ҳокимиятнинг сукут сақлаши фонида ижтимоий тармоқлар ва матбуот бу фожиалар ўртасида боғлиқлик изламоқда. Турли версиялар илгари сурилмоқда, ҳатто НУЖ (номаълум учар жисмлар – ўзга сайёраликлар) билан боғлиқ назариялар ҳам айтилмоқда. New York Post ёзишича, эндиликда ишни ФТБ текширяпти. Агентлар бу сирли ҳолатлар ўртасида эҳтимолий боғлиқликни аниқлашга ҳаракат қилмоқда. АҚШ вакиллар палатасининг назорат қўмитаси ҳам ўз текширувини бошлаган.
Қўмита аъзоларидан бири Жеймс Комер Fox News’га шундай деди: “Бу ерда қандайдир хавфли нарса юз бераётган бўлиши эҳтимоли юқори”. Унинг сўзларига кўра, бу тасодиф бўлиши жуда кам эҳтимол, Конгресс бу масаладан жиддий ташвишда ва уни миллий хавфсизликка таҳдид сифатида кўриб чиқмоқда.
Қўмита ФТБ, NASA, энергетика ва мудофаа вазирликларига сўров юбориб, 27 апрелга қадар жавоб беришни талаб қилган. Сирли ўлимлар ва йўқолишлар занжирига Доналд Трамп ҳам эътибор қаратган. У йиғилиш ўтказганини маълум қилиб, барча ҳолатлар тасодиф бўлишига умид билдирган. Шу билан бирга, вазиятни жиддий баҳолаб, хулосалар тақдим этишга ваъда берган.
НУЖлар атрофидаги сирлар ошкор қилинади
Шу билан бирга, АҚШ президенти фазодаги цивилизациялар ҳақидаги материалларни махфийликдан чиқаришга ваъда берди.
Доналд Трамп НУЖ ва “номаълум учувчи ҳодисалар” билан боғлиқ махфий материалларни ошкор этиш ҳамда ўзга сайёра ақли мавзусини ўрганган етакчи америкалик олимларнинг сирли ўлимлари ва йўқолишлари сабабларини аниқлаш ниятида. Оқ уй раҳбарининг баёнотлари Конгресс томонидан АҚШ учун яна бир “ташқи таҳдид” масаласини ўрганиш бўйича босим кучайиб бораётгани фонида янгради. Ердан ташқари цивилизациялар мавзуси АҚШ сиёсат кун тартибига 2016 йилги сайлов кампаниясида демократлар номзоди Ҳиллари Клинтон президент бўлган тақдирда “НУЖ ҳақидаги барча ҳақиқатни айтиш”га ваъда берганидан ўн йил ўтиб яна қайтмоқда.
Ўнлаб йиллар давомида америкалик сиёсатчилар, экспертлар ва ОАВ эътиборини ўзига тортиб келган Пентагоннинг ердан ташқари цивилизациялар ҳақидаги махфий ҳужжатлари яқин орада жамоатчиликка тақдим этилиши мумкин. Бу мавзуни ёритишга қўйилган тақиқни олиб ташлашга президент Трамп ваъда берди. “Бу тасодиф бўлишига умид қиламан, аммо биз буни яқин бир ярим ҳафта ичида аниқлаймиз”, деди Трамп 19 апрел куни Fox News телеканалига берган интервюсида. У ушбу фикрни ядровий физика ва космос соҳасида тадқиқотлар олиб борган ҳамда НУЖни ўрганишга алоқадор 11 нафар америкалик олимнинг сирли ўлими ва йўқолишига изоҳ берар экан билдирди.
Аввалроқ, 17 апрел куни Аризона штати Финикс шаҳрида ўтказилган Turning Point USA консерватив ташкилоти тадбирида сўзлаган нутқида ҳам Трамп номаълум учувчи объектлар билан боғлиқ материалларга тўхталган эди. У Пентагон яқин вақт ичида ўзга сайёра ақли билан боғлиқ ҳужжатларни эълон қилишини айтди.
Аризонадаги ёш консерваторлар учрашуви Седона шаҳридаги Қизил қоялар фонида ўтди. У ерда DUMB (Deep Underground Military Bases) туркумига мансуб ҳарбий база жойлашгани айтилмоқда. Айрим оммалашган конспирологик назарияларга кўра, Ер пўстлоғи остида техноген табиатга эга махфий цивилизация яшириниб ётиши мумкин ва АҚШ ҳукумати кўп йиллар давомида жамоатчиликдан яширин ҳолда кўп қаватли DUMB базалари орқали ўзга сайёра технологияларини ўзлаштириш билан шуғулланиб келмоқда.
Шунчаки халқни катта муаммолардан чалғитиш учунми?
Ердан ташқари цивилизациялар ва уларнинг Америка ҳаётидаги ўрни ҳақидаги мавзу экзотик қўрқинчли ҳикоядан АҚШда Конгрессга оралиқ сайловлар арафасида ички сиёсий кураш масалаларидан бирига айланмоқда.
Сўнгги ҳафталарда махфий материалларни ошкор этиш ташаббуси айрим америкалик қонун чиқарувчилардан чиққан бўлиб, улар НУЖни ҳам ўз ичига олган номаълум аномалияларни текшириш билан шуғулланувчи Пентагоннинг махсус бўлими фаолиятидан норозилик билдирган.
Вакиллар палатасининг назорат ва ҳукумат ислоҳотлари қўмитаси аъзоси Тим Берчет Newsmax телеканалига берган интервюсида шов-шувли баёнот билан чиқиб, гўёки “мавжуд барча идоралар”дан ердан ташқари цивилизациялар ҳақида маълумот олганини айтди. “Агар улар мен кўрган нарсаларни ошкор қилса, сиз тунлари ухлай олмас эдингиз”, деди конгрессмен Берчет.
Саволлар кўпайиб бораётгани муносабати билан ўтган ойда Вакиллар палатасининг назорат қўмитаси мудофаа вазири Пит Хегсетдан 14 апрелга қадар 46 та видеони ошкор этишни талаб қилди. Бу видеолар америкалик тадқиқотчилар томонидан НУЖ мавжудлигининг исботи деб аталмоқда.
Ушбу видеоларда НУЖларнинг Форс кўрфази, Афғонистон ва Шарқий Хитой денгизи устидаги парвозлари, шунингдек, 2023 йил февралда Мичиган штатидаги Гурон кўли устида (Канада билан чегарада) номаълум учувчи объектнинг йўқ қилингани акс этгани тахмин қилинмоқда. Номаълум металл шарни уриб тушириш буйруғини АҚШнинг аввалги президенти Жо Байден берган.
Ердан ташқари цивилизациялар мавзусига қизиқишни Трамп Fox News’га берган интервюсида тилга олган, ядровий физика, термоядровий синтез, аэрокосмик технологиялар ва илғор двигателлар соҳасидаги махфий лойиҳалар билан боғлиқ америкалик олимларнинг кетма-кет йўқолиши ва ўлимлари ҳақидаги хабарлар янада кучайтирмоқда.
Яна мансабдор ҳарбийлар…
Бундай ҳолатларнинг энг сўнггиси АҚШ ҳаво кучларининг истеъфодаги генерали Уилям Нил Маккасленд билан боғлиқ. У 27 феврал куни Ню-Мексико штатидаги Албукерке шаҳридаги уйидан ғойиб бўлган. 68 ёшли бу юқори лавозимли ҳарбий истеъфога чиққанга қадар Ҳаво кучлари тадқиқот лабораторияси раҳбари лавозимида ишлаган ва НУЖга оид ўта махфий маълумотларга кириш имконига эга бўлган.
Маккасленднинг йўқолиши мустақил текширувларнинг янги тўлқинини келтириб чиқарди. Уларнинг муаллифлари ҳукумат идоралари ходимлари, ҳарбийлар ва олимлар ўртасидаги алоқаларни аниқлашган – уларнинг айримлари ўлдирилган ёки ўлик ҳолда топилган. Уларнинг бир қисми умумий лойиҳалар устида ишлаган. Бу воқеалар ҳақида конгрессмен Берчет “жуда кўп сирли тасодифлар бор” деб таъкидлаган.
Трампнинг ердан ташқари цивилизациялар ҳақидаги материалларни махфийликдан чиқариш ваъдаси АҚШ ички сиёсий ҳаётига узоқ вақт давомида тақиқланган мавзуни яна қайтармоқда. Эслатиб ўтамиз, бундан ўн йил олдин – 2016 йилги сайловларда республикачи Доналд Трампга қарши президентлик учун курашган демократлар номзоди Ҳиллари Клинтон Оқ уй раҳбари бўлган тақдирда НУЖга оид қатор материалларни ошкор қилишини, шунингдек, Лас-Вегасдан 134 км масофада жойлашган ва АҚШ ҳаво кучларининг махфий объекти ҳисобланган машҳур “51-ҳудуд” бўйича текширув ўтказиш масаласини кўриб чиқишини ваъда қилган эди.
Очилмаган сирлар: сирли ва махфий “51-ҳудуд”
Ушбу мавзуни ошкора муҳокама қилиш ғоясининг фаол тарафдорларидан бири Ҳиллари Клинтоннинг сайловолди штаби раҳбари Жон Подеста бўлган. У аввалроқ Билл Клинтон президентлиги даврида Оқ уйда ишлаган ва ўша пайтдаёқ ердан ташқари цивилизациялар мавжудлигини ҳужжатлар билан тасдиқлашга чақирган. 2014 йилда Билл Клинтоннинг ўзи ҳам бу масала бўйича фикр билдириб, “51-ҳудуд” ва 1947 йилда кўпчилик томонидан ўзга сайёра кемаси деб ҳисобланадиган объект қулаган Розуэлл шаҳрига ташрифлари ҳақида гапирган.
Жорий йил феврал ойида Ҳиллари Клинтон “Эпштейн иши” бўйича гувоҳлик бериш учун Вакиллар палатасига чақирилганда, ундан кутилмаганда ўзга сайёраликлар ҳақида ҳам сўрашган. У бу саволларни “ғалати” деб атаган бўлса-да, охир-оқибат НУЖ билан боғлиқ сирлар пардасини қисман очиш таклифини қўллаб-қувватлаган.
Абулфайз Сайидасқаров
