platina.uz

Очилмаган сирлар: сирли ва махфий “51-ҳудуд”

Бу ҳудудда аввал нималар содир бўлгани ва ҳозир нималар юз бераётганидан қатъи назар, у оммавий маданиятнинг бир қисми ва сайёрамиздаги энг сирли жойлардан бири бўлиб қолмоқда.

Мақола
9 январь, 19:04
Очилмаган сирлар: сирли ва махфий “51-ҳудуд”
Фотоколлаж: Platina.uz

Aмерика Қўшма Штатлари харитасида оммавий маданиятга мустаҳкам ўрнашган, афсона ва миш-мишларга сабаб бўлган бир жой бор. Уни “51-ҳудуд” деб аташади. Невада чўлида, Лас-Вегас шаҳридан 135 километр шимоли-ғарбда жойлашган бу ҳудудда махфий ҳарбий база мавжуд. База ҳудуди қурғоқчил ер билан ва тоғлар билан ўралган бўлиб, уни қизиқувчан кўзлардан пана қилиб туради. Бу ерга кириш ва яқинлашиш мумкин эмас. Атроф қуролли соқчилар ва тиканли сим ҳамда баланд деворлар билан ўралган. Aйнан шу иҳоталаш ва махфийлик бу ҳудуднинг асл мақсади ва бу ердаги жараёнлар борасида миш-мишларнинг кўпайишига сабаб бўлган.

Сирли “51-ҳудуд” Невададаги қуриб қолган Грум-Лейк кўли ёқасида жойлашган.

“51-ҳудуд” 1955 йилда Совуқ уруш даврида разведка учун фойдаланилган U-2 каби махфий ҳарбий самолётларни синовдан ўтказиш лойиҳаси доирасида ташкил этилган.

Жорж Вашингтон университети қўлга киритган ҳужжатларда айтилишича, 1955 йилда Невада чўлида махфий самолётни синовдан ўтказиш учун махсус ер ажратилган. Бу жой ядро синовлари ўтказилган полигонга яқинлиги учун танланган.

Бироқ кенг жамоатчилик унинг мавжудлиги ҳақида фақат 1989 йилда, базанинг собиқ ходими Боб Лазар у ерда Ердан ташқаридаги ҳаёт билан боғлиқ технологиялар бўйича тадқиқотлар олиб борилаётганини айтганида хабардор бўлди. Лазарнинг сўзларига кўра, тўққизта унга нотаниш фазо кемасини ўз кўзи билан шахсан кўрган ва уларнинг ҳаракатлантирувчи тизимларини ўрганишда иштирок этган. Бу кемалар Ердаги олимлар томонидан яратилмаган.

Lockheed U-2C самолёти, 1975 йил.

Лазарнинг баёнотидан кейин миш-мишлар кўпая бошлади. Осмондаги сирли чироқлар, ғалати учар объектларни кўришгани ҳақидаги хабарлар ва “51-ҳудуд”нинг мутлақ махфий бўлиб қолавериши, бу борада баёнот ва изоҳлар берилмагани кўплаб конспирологик назарияларни келтириб чиқарди. “51-ҳудуд” уфологлар (номаълум учар жисмларни (НУЖ) ўрганувчилар) ва конспирология ихлосмандлари учун сирлилик ва махфийлик рамзига айланди.

Миш-мишларнинг сабаблари

“51-ҳудуд” ҳақидаги миш-мишларнинг тарқалишига бир неча жиҳатлар сабабчи бўлган.

Объектнинг махфийлиги. Ўнлаб йиллар давомида AҚШ ҳукумати бу ҳарбий базанинг мавжудлигини тан олишдан бош тортди. Фақат 2013 йилда Марказий разведка бошқармаси унинг мавжудлигини расман тасдиқлади, аммо тафсилотлар – бу базанинг мақсади нима бўлгани ва ҳозир ундан нима мақсадда фойдаланилаётгани ҳамон сирлигича қолмоқда.

Ғайриоддий ҳодисалар. “51-ҳудуд” атрофидаги ҳудудларда НУЖлар учиб юрганини кўриб қолган одамлар бу ҳақда ОАВга маълумот беришади. Бу номаълум ва нотаниш учар объектлар ҳудудда ўтказиладиган ҳарбий синовлар билан боғлиқ дейишади. Бироқ бу борада ҳам расмий ва ишончли маълумотлар йўқ.

ОАВ ҳамда оммавий маданият. “Мустақиллик куни” (1996) каби филмлар ва “Фитна назарияси” каби телекўрсатувлар “51-ҳудуд”нинг бегона технологиялар, хусусан, ҳалокатга учраган НУЖлар сақланадиган ҳудуд деган тушунчани одамлар онгига муҳрлаган.

2024 йилда экранларга чиққан "Веном-3" филми воқеалари айни шу ҳудудда бўлиб ўтади.

Ҳужжатланган фактлар ва гувоҳларнинг маълумотлари

“51-ҳудуд” борасида турли гувоҳлар ва тадқиқотчилар келтирган кўплаб далиллар ОАВда муҳокама қилинган.

Масалан, юқорида зикр этилган америкалик конспиролог Боб Лазар “51-ҳудуд”га яқин жойлашган “S-4” махфий базасида НУЖларнинг аксилгравитацион реактори устида физик ва муҳандис сифатида тадқиқот олиб борганини даъво қилган. Боб Лазар ўз интервюларида бу технологияларни батафсил тасвирлаб берган. Бироқ унинг даъволари мунозарали бўлиб қолмоқда, чунки таржимаи ҳолининг кўплаб жиҳатлари нотўғри экани аниқланган.

1989 йилда Лас-Вегасдаги KLAS-TV журналистлари AҚШ ҳукумати “51-ҳудуд”да қўлга туширилган номаълум объектлар, ўзга сайёраликларга мансуб учар жисмларни сақлаётгани, бироқ бу ҳақдаги маълумотларни жамоатчиликдан сир тутаётгани ҳақидаги суриштирув натижаларини эълон қилган.

1995 йилда эса учувчи Жон Лир ердаги транспорт воситалари учун имконсиз бўлган ўта катта тезликда ҳаракатланадиган ва тўсатдан осмонда тўхтаб қола оладиган ғалати чироқларни кўрганини айтган эди. Айтиш жоиз, ҳарбий учувчи Жон Лир МРБ самолётларини бошқарган. Кўплаб махфий маълумотлардан хабардор бўлган.

Миш-мишлар ёлғонми?

“51-ҳудуд”да ўзга сайёраликларга мансуб технологиялар мавжудлиги ва ўрганилаётгани ҳақидаги миш-мишларни рад этадиган кўплаб илмий тушунтиришлар мавжуд.

F-117 самолёти худди ўзга сайёрадан келиб қолганга ўхшайди. Аммо у Ерда, америкалик муҳандислар томонидан яратилган. Ушбу жанговор самолёт илк марта 1981 йилда “51-ҳудуд”дан осмонга кўтарилган.

Масалан, бу ҳудудда кузатилган кўплаб номаълум учар жисмлар шунчаки янги ва ноодатий шаклдаги самолётларнинг ҳарбий синовлари билан боғлиқ бўлиши мумкин. Масалан, янги авлодга мансуб SR-71 Blackbird ва B-2 Spirit бомбардимончи самолётлари кузатувчиларда тушунмовчилик уйғотган бўлиши мумкин.

SR-71 Blackbird

Шу билан бирга, саҳрода кузатиладиган саробга ўхшаш оптик иллюзиялар ҳам бу миш-мишларга сабаб бўлгани айтилади. Зеро саҳронинг жимирлаётган ҳавоси ва бошқа атмосфера шароитлари иллюзияларни келтириб чиқариши мумкин.

B-2 Spirit

Қолаверса, ўнлаб йиллар давом этган миш-мишларга қарамай, “51-ҳудуд”да бегона технологиялар мавжудлигини тасдиқловчи бирорта ҳам тасдиқланган далил ёки фотосурат йўқ.

Бошқа фактлар

Aммо ўйлантириб қўядиган жиҳатлар ҳам бор.

Марказий разведка бошқармаси 2013 йилда U-2’ни лойиҳалаш ва ишлаб чиқариш борасидаги ҳужжатларни махфийликдан чиқарди. МРБ 1950 ва 60-йиллардаги кўплаб “НУЖни кўриб қолиш ҳақидаги гувоҳликлар” айнан ушбу самолётни синовдан ўтказиш даврлари билан боғлиқлигини тасдиқлади. Яъни одамлар НУЖ деб ўйлаган сирли объектлар синовдан ўтказилаётган U-2 самолётлари бўлган холос.

2019 йилда эса интернетда Storm Area 51 – “51-ҳудуд”га штурм қилиб кирамиз”, деб номланган кампания бошланди. Бунга минглаб одамлар розилик билдириб, тадбирда иштирок этишини тасдиқлаган. Кейинчалик бу акция ҳазил экани айтилди, бироқ у одамларда “51-ҳудуд”га қизиқиш ҳамон катталигини намоён қилди.

Расмийларнинг баёнотлари

AҚШ расмийлари “51-ҳудуд” ҳақида камдан-кам изоҳ берадилар, лекин баъзида ҳазил тариқасида тилга олишади. Масалан, Барак Обама 2013 йилда “51-ҳудуд”ни очиқ тилга олган биринчи президент бўлди. У Кеннеди маркази мукофотларини топширишга бағишланган тантанали маросимда ҳазиллашиб: "Мана энди “51-ҳудуд” ҳақида гаплашсак бўлади. У ерда нималар бўляпти ўзи?" деган эди. (“Finally, we can talk about Area 51. What’s really going on there?”) Лекин, албатта, у аниқ жавоб бермади.

АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп эса ўз интервюсида НУЖлар ҳақида ўзи айтиш мумкин бўлганидан кўра кўпроқ маълумот билишини ва бу мавзу ҳақиқатдан ҳам қизиқ эканини таъкидлади.

2024 йилда НУЖлар: гувоҳликларнинг янги тўлқини

2024 йилда АҚШда, хусусан, Ню-Жерси ва Ню-Йорк осмонида НУЖларни кўриб қолиш ҳолатлари кўпайгани боис яна жаҳон ОАВ диққати марказида қолди. Ижтимоий тармоқлар ва янгиликларда фуқаролар ҳам, ҳарбий учувчилар томонидан ҳам суратга олинган сирли объектларнинг кўплаб видеолари пайдо бўлди. Энг машҳур ҳолатлардан бири – 2024 йил июл ойида, AҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари учувчилари Тинч океани устида осмонда тез ҳаракатланувчи жисмни пайқагани билан боғлиқ. Бу ҳолат ОАВларда катта мунозара ҳамда шов-шувларга сабаб бўлди. Олимлар ва сиёсатчилар ўртасида қизғин муҳокамаларга туртки берди.

Айтиш жоиз, 2024 йилда НУЖларни яна тез-тез кўриб қолишаётгани технологиянинг ривожланиши билан боғлиқ. Сифати яхшиланиб бораётган ва ҳаммада мавжуд камералар, дронлар ва бошқа қурилмалар илгари аниқланмаган ҳодисаларни суратга олиш имконини бермоқда. Мутахассисларнинг фикрича, авваллари сунъий йўлдош учирилиши сонининг кўпайиши ва янги авиация технологияларини синовдан ўтказиш кузатувчиларни чалкаштириши мумкин эди. Ёки камера йўқлиги боис НУЖни кўрганига бошқаларни ишонтира олмас эди ҳеч ким. Бироқ энди сифатли суратга олинаётган НУЖ тасвирлари одамларни ҳайратга солиб, далил вазифасини ўтамоқда.

Сиёсатчилар ҳам шов-шувлардан четда туришмаяпти. Пентагон матбуот котиби Жон Кирби 2024 йил август ойида AҚШ ҳукумати НУЖлар ҳақидаги барча хабарларни жиддий қабул қилишини ва бундай ҳолатларни таҳлил қилиш учун махсус ишчи гуруҳ тузаётганини айтди. Доналд Трамп эса ҳарбийларга осмонда кўринган ҳар қандай номаълум учар обеъктни уриб тушириш кераклигини айтди.

Олимлар, ўз навбатида, бу ҳодисаларни илмий нуқтаи назардан ўрганиш муҳимлигини таъкидлайдилар. Aстрофизик Неил деГрассе Тайсон таъкидлаганидек: “Осмондаги номаълум объект унинг ўзга сайёрадан келиб қолганини англатмайди. Бу шунчаки биз унинг нима эканини ҳали билмаслигимизни англатади”.

НУЖ маълумотларини таснифлаш

Бироқ тан олиш керак, AҚШ ҳукумати сирли ҳодисаларга изоҳ беришни истамаса-да, аста-секин НУЖлар ҳақидаги маълумотларга кириш имкониятини очмоқда. 2021 йилда Пентагон 2004 йилдан 2021 йилгача 144 та номаълум ҳаво ҳодисалари (UAP – Unidentified Anomalous Phenomena) кузатилганини ўз ичига олган ҳисоботни эълон қилди. Ушбу ҳолатлардан фақат биттасига аниқ тушунтириш берилган. Ушбу ҳужжат муаммони расмий даражада тан олишда муҳим қадам бўлди.

2022 йилда AҚШ Конгресси НУЖ муаммолари бўйича ярим асрдаги биринчи тингловларни ташкил этди, унда UAP’ни чуқурроқ таҳлил қилиш чоралари муҳокама қилинди.

2023 йилда AARO (All-domain Anomaly Resolution Office) деб номланган махсус ишчи гуруҳ тузилди, у ҳаво, сув ва фазодаги номаълум ҳодисалар ҳақидаги маълумотларни тўплайди ва ўрганади.

Пентагон ҳисоботлари ва NASA ташаббуслари каби расмий кўрсатмалар ва ҳужжатлар UAPни миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан ўрганиш муҳимлигини таъкидлайди. Масалан, 2023 йилги АҚШ ҳарбий директивасида ҳарбийлар томонидан кузатилган ҳар қандай ноодатий ҳодисалар зудлик билан ҳужжатлаштирилиши ва кейинги таҳлил қилиш учун AARO’га юборилиши кераклиги қатъий белгилаб қўйилган.

Сир ошкор қилинса, сирлиги қолмайди

“51-ҳудуд” шунчаки ҳарбий база эмас, балки инсоннинг сирларни очишга бўлган генетик ва тарихий қизиқишининг рамзи ҳисобланади. Бу ҳудудда аввал нималар содир бўлгани ва ҳозир нималар юз бераётганидан қатъи назар, у оммавий маданиятнинг бир қисми ва сайёрамиздаги энг сирли жойлардан бири бўлиб қолмоқда. Зеро, сирларнинг одамзодга қизиқ туюлишининг асосий омили – унинг сирли бўлиб қолишида...

Абулфайз Сайидасқаров

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+