Трамп Ҳормуз бўғозини узоқ муддатга блокада қилишга тайёрланишни буюрди
АҚШ раҳбари Эрон иқтисодиёти ва нефт экспортига босим ўтказишда давом этишга қарор қилган.

АҚШ президенти Доналд Трамп ўз ёрдамчиларига Ҳормуз бўғозини узоқ муддатли блокада қилишга тайёргарлик кўришни буюрди.
Бу ҳақда The Wall Street Journal АҚШ расмийларига асосланиб хабар берди.
Нашрнинг хабар беришича, сўнгги учрашувларда Трамп Эрон иқтисодиёти ва нефт экспортига босим ўтказишда давом этишга қарор қилган. Расмийларнинг айтишича, у бошқа вариантларни - бомбардимонни қайта бошлаш ёки можародан чиқишни блокадани сақлаб қолишдан кўра хавфлироқ деб баҳолаган.
Трампнинг ўзи 28 апрел куни Теҳрон Вашингтондан "Ҳормуз бўғозини иложи борича тезроқ очишни" хоҳлаётганини айтди.
"Эрон бизга ҳозиргина "қулаш" ҳолатида эканлигини айтди. Улар ўз раҳбарияти билан вазиятни ҳал қилишга уринаётган бир пайтда Ҳормуз бўғозини имкон қадар тезроқ очишимизни хоҳлашади", деб ёзди у Truth Social ижтимоий медиа платформасида.
АҚШнинг юқори лавозимли амалдори нашрга блокада Эрон иқтисодиётига жиддий путур етказганини, мамлакат сотилмаган нефтни сақлашга қийналаётганини, режимнинг Вашингтон билан муносабатларни яхшилашга қаратилган янги уринишларини келтириб чиқарганини айтди.
11 апрел куни АҚШ ва Эрон Покистон пойтахтида музокаралар ўтказдилар. АҚШ вице-президенти Ж.Д. Вэнс музокаралар "мазмунли" бўлганини айтди, аммо Теҳрон Вашингтоннинг ядровий дастур ва Ҳормуз бўғозини очиш бўйича асосий талабларига рози бўлишдан бош тортди.
Режалаштирилган иккинчи босқич музокаралари ҳали бўлиб ўтмади. Трамп томонидан аниқ тугаш санасини кўрсатмасдан узайтирилган сулҳ амалда қолмоқда.
Яқин Шарқдаги АҚШ Марказий қўмондонлиги маълумотларига кўра, 28 апрел ҳолатида Эроннинг Чабаҳар портида (Ҳинд океанига тўғридан-тўғри чиқиш имкониятига эга бўлган Эрон учун стратегик порт) 20 дан ортиқ кема қолган. Блокада жорий этилишидан олдин, АҚШ ҳарбийларининг маълумотларига кўра, бу портда кунига ўртача бешта кема лангар ташлаган.
