platina.uz
Спорт

Жавоҳир Синдоровни шарафлашга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди

Тадбирда Синдоров “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланди. Президент Шавкат Мирзиёев шахматчига орденни тантанали равишда топширди. 

Жавоҳир Синдоровни шарафлашга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди

Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида шахматчимиз, Халқаро шахмат федерациясининг Номзодлар турнири ғолиби Жавоҳир Синдоровни шарафлашга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Шахматимиз тарихида биринчи маротаба Жавоҳир Синдоров Номзодлар турнирида ғалаба қозониб, том маънода тарихий натижага эришди.

Мусобақа давомида у дунёнинг энг кучли гроссмейстерларига қарши юксак маҳорат ва катта жасорат билан кураш олиб борди, ҳар бир баҳсда қатъият, кучли ирода ва интеллектуал устунлигини намоён этди. Айниқса, бир марта ҳам мағлубиятга учрамай, 14 та партияда 10 очко тўплагани, натижада очколар ва ғалабалар сони бўйича рекордлар ўрнатгани шахмат оламида камдан-кам учрайдиган ноёб ҳодисадир.

Президентимиз маросимда сўзга чиқиб, Жавоҳир Синдоровни мазкур тарихий зафар билан яна бир бор самимий қутлади. Бу бутун халқимизнинг, Янги Ўзбекистоннинг ғалабаси эканини таъкидлади.

Албатта, ҳеч бир натижа ўз-ўзидан бўлмайди. Бунинг замирида узоқ йиллик тинимсиз меҳнат, болаликдан орттирилган тажриба, қатъий ирода, темир интизом, ва, албатта, устоз ва мураббийларнинг сабоғи, ота-она, бобо ва бувижонларнинг дуоси мужассам. Фурсатдан фойдаланиб, мана шундай ўзбек ўғлонини тарбиялаб, вояга етказган бобонг ва бувингга, ота-онанга, устоз ва мураббийларингга яна бир бор ўзимнинг миннатдорчилигимни билдираман, - деди давлатимиз раҳбари.

Қайд этилганидек, Жавоҳир Синдоров турнир давомида шахмат тахтаси устида ўзбек халқига хос бўлган мустаҳкам ирода, ўзига ишонч, чуқур тафаккур ва сабр-бардошни намоён этди. Айниқса, Ҳиндистон, АҚШ, Хитой, Нидерландия, Германия ва Россия вакиллари бўлган супер гроссмейстерларга қарши босиқлик ва мардонаворлик билан кураш олиб боргани алоҳида эътироф этилди.

Давлатимиз раҳбари Жавоҳир Синдоровнинг бу юксак ютуғи мамлакатимизда спортга, жумладан, шахматни ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор ва ғамхўрликнинг амалий самараси эканини таъкидлади. Бугун Янги Ўзбекистонда ана шундай ғолиб, мард ва матонатли ёшлар камол топаётгани барчамизга чексиз фахр-ифтихор бағишлайди. Шу маънода, бугун FIDE рейтингидаги энг кучли беш шахматчидан икки нафари ўзбек ўғлони экани миллий шахмат мактабимизнинг салоҳияти ва нуфузи тобора юксалаётганидан далолат беради. Буларнинг барчаси минглаб истеъдодли ёшларимиз, умидли шахматчиларимиз учун катта мотиавция бўлиши таъкидланди.

Маросимда Жавоҳир Синдоров олдида турган навбатдаги юксак марралар ҳақида ҳам сўз юритилди. Унинг жаҳон шахмат тожи учун бўладиган ҳал қилувчи беллашувда муносиб иштирок этишига, ўзбек шахмат мактабининг салоҳияти ва шон-шуҳратини яна бир бор бутун дунёга намоён этишига ишонч билдирилди. Шунингдек, бу йил сентябрь ойида Самарқанд шаҳрида ўтадиган 46-бутунжаҳон шахмат олимпиадасида ҳам халқимиз ғалаба кутаётгани таъкидланди.

Тадбирда мамлакатимизда шахматни кенг оммалаштириш, айниқса, ёшлар ўртасида ушбу спорт турини тарғиб этиш, навқирон авлод қалбида миллий ғурур, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини камол топтириш борасидаги катта хизматлари, шунингдек, Кипрда ўтказилган FIDE Номзодлар турнирида рекорд натижалар кўрсатиб, муддатидан олдин ғолибликни қўлга киритгани учун Жавоҳир Синдоров “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотлангани тўғрисидаги Президент фармони ўқиб эшиттирилди.

Давлатимиз раҳбари ушбу юксак мукофотни тантанали равишда топширди.

Гроссмейстеримиз ёшларга, спорт ривожига қаратилаётган доимий эътибор ва яратилаётган кенг шароитлар, кўрсатилган юксак ишонч ҳамда эътироф учун Президентимизга чуқур миннатдорлик билдирди.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid