Судлардаги “навбатчи жабрланувчилар” реестри тузилади
Жиноят ва маъмурий ишларда “навбатчи жабрланувчилар” – айрим жабрланувчиларнинг бир неча иш ва эпизодларда қайта-қайта кўриниши одатга айланиб қолди.

ИИВ оммавий ахборот вакиллари билан 11 апрелда ўтказган очиқ мулоқотда журналистлар томонидан жиноят ва маъмурий ишларда “навбатчи жабрланувчилар” – айрим жабрланувчиларнинг бир неча иш ва эпизодларда қайта-қайта кўриниш бериши борасида ҳам савол берилди.
Муҳокама давомида ички ишлар органлари нега баъзан айбсиз шахсни айбдор сифатида кўрсатишдан манфаатдор бўлиши мумкинлиги ва бундай ҳолатларда иштирок этувчи шахслар қандай мақсадларни кўзлаши ҳақида саволлар кўтарилди.
Ички ишлар вазири ўринбосари – Тергов департаменти бошлиғи Рамазон Ашропов бу саволга жавоб бериб, ҳар қандай аниқланган қонунбузилиш ҳолати бўйича албатта тегишли чоралар кўрилишини билдирди.
Ашроповнинг айтишича, суриштирув ёки хизмат текширувлари жараёнида шундай ҳолатлар фош этилса, ёки судлар томонидан хусусий ажримлар чиқарилса, масъул шахсларга нисбатан қонуний чоралар қўлланилади.
Шунингдек, вазир ўринбосари ижтимоий тармоқлардаги танқидий чиқишлар ва мурожаатлар доимий мониторинг қилиб борилаётганини билдирди. Унинг қайд этишича, айнан журналистик суриштирувлар ва жамоатчилик эътирозларидан кейин бу йўналишда махсус реестр жорий этилган. Энди эса ҳар бир ҳудуд бўйича жабрланувчи сифатида қайд этилган шахслар алоҳида рўйхатга олиб борилмоқда.
