Жамоат жойида "маска" тақиб юрганлар жаримага тортиляпти
Platina.uz сайти Зангиотадаги ҳолат ва суд қарори юзасидан изоҳ олиш учун Ички ишлар вазирлиги ва Олий суд матбуот хизматлари билан боғланди.
Тошкент вилоятининг Зангиота туманида рўмол ўраган ва матодан ниқоб таққан аёл жамоат жойида юзини беркитиб юргани учун жаримага тортилди. Газета.uz жиноят ишлари бўйича туман судининг 7 августдаги қарорини ўрганиб чиқди.
Суд ҳужжатида қайд этилишича, 2024 йил 2 август куни соат 11:51 лар атрофида Зангиота тумани, Амир Темур маҳалласи Мустақиллик кўчасида фуқаро М.А.га (аёл) жамоат жойида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган кўринишда ҳаракатланиб келгани юзасидан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Суд мажлисида М.А. 2023 йил сентябр ойидан Зангиота туманидаги мебел цехида ишчи вазифасида ишлаб келишини маълум қилган. 2024 йил 2 август куни соат 11:50 да аёл туманнинг Мустақиллик кўчасида жойлашган озиқ-овқат дўконига нон ва қатиқ харид қилиш учун юзида "маска" (суд қарорида айнан шундай ёзилган – таҳ.) тақилган ҳолатда кетаётган вақтида ИИБ ходимлари тўхтатиб, шахсини тасдиқловчи ҳужжатини сўраган. Аёл уларга чангли цехда ишлаши, чангга аллергияси борлиги сабабли ниқоб тақиб юришини айтган.
Суд ҳужжатида қайд этилишича, аёл ИИБ ходимларига чангга аллергияси борлиги ҳақида ҳеч қандай ҳужжати йўқлигини, жамоат жойида ниқоб тақиб юриш мумкин эмаслигини билмаслигини маълум қилган. У ишдан шошиб чиққани сабабли ниқобини ечмагани учун узр сўраган.
Аёл судда оилавий шароити оғирлиги, вояга етмаган фарзандлари борлиги, ёлғиз аёл эканини билдириб, суддан унга нисбатан енгиллик беришни сўраган.
Суд аёлнинг кўрсатувини тинглаб, "маъмурий иш ҳужжатларини атрофлича ўрганиб чиқиб, ҳуқуқбузарнинг айби маъмурий иш ҳужжатларини кўздан кечириб, баённома, фотожадваллар, тушунтириш хатлари ҳамда ишдаги бошқа объектив далиллар билан ўз исботини топган" деган хулосага келган.
Суд аёлни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184-4-моддасида (Жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган кўринишда бўлиш) назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган деб топиб, унга ушбу кодекснинг 33-моддасини (Енгилроқ маъмурий жазо чорасининг қўлланилиши) қўллаб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 (беш) баравари миқдорида, яъни 1 700 000 сўм жарима жазосини тайинлади.
Platina.uz сайти ушбу ҳолат ва суд қарори юзасидан изоҳ олиш учун Ички ишлар вазирлиги ва Олий суд матбуот хизматига қуйидаги савол билан юзланди: "Карантин пайтида жамоат жойида "маска" тақмаганлар жаримага тортилаётган эди. Орадан 4 йил ўтиб, жамоат жойида "маска" таққанлар шундай жазоланяпти. Бунга сабаб нима?"
Ички ишлар вазири матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов ИИБ ходимлари "маска" таққан фуқарони нега тўхтатгани ва маъмурий баённома расмийлаштирганига изоҳ беришни истамади.
Олий суд матбуот хизмати бошлиғи Азиз Обидов эса қуйидагича жавоб берди:
"Ушбу суд қарорига фақатгина юқори турувчи суд ҳуқуқий баҳо бериши мумкин. Юқори турувчи суд инстанцияси муайян бир суд қарорига фақатгина тарафлар томонидан шикоят ёки протест келтирсагина, ҳуқуқий баҳо бериши мумкин. Бу ҳолатда агарда томонлардан шикоят келиб тушса, вилоят суди ўз ваколати доирасида ушбу суд қарорини ўзгартириш ёки кучда қолдириши мумкин. Агарда ушбу суд қарорига эътироз бўлса, тарафлар Тошкент вилояти судига шикоят ёки протест киритиши мумкин".
Маълумот учун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184-4-моддаси, яъни жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган даражада юзини тўсган ҳолда бўлиш БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача (3 млн 300 минг сўмдан 4 млн 950 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Бунда қуйидагилар мустасно:
- тиббий кўрсатмага асосан ёки йўл-транспорт ҳаракатида хавфсизликни таъминлаш учун кийиладиган махсус бош кийимда бўлиш;
- меҳнат ва хизмат фаолияти билан боғлиқ ҳолларда юзини тўсган ҳолда бўлиш;
- спорт ва маданий тадбирларни ўтказиш вақтида ушбу тадбирлар иштирокчиларининг юзини тўсган ҳолда бўлиш;
- қонунчиликда тўғридан-тўғри рухсат этилган бошқа ҳолатларда юзини тўсган ҳолда бўлиш.
Телеграмда кузатиб боринг!