Қозоғистон президенти амалий ташриф билан Ўзбекистонга келди
Олий мартабали меҳмонни Бухоро халқаро аэропортида президент Шавкат Мирзиёев кутиб олди. Бугун етакчилар икки томонлама музокара ўтказадилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жўмарт Тоқаев амалий ташриф билан мамлакатимизга келди.
Олий мартабали меҳмонни Бухоро халқаро аэропортида давлатимиз раҳбари кутиб олди.
Миллий куй-қўшиқ ва рақслардан иборат тантанали кутиб олиш маросими бўлди. Икки мамлакатнинг давлат байроқлари кўтарилди ва фахрий қоровул саф тортди.

Бугун етакчилар икки томонлама музокара ўтказадилар. Шунингдек, Бухоронинг тарихий обидаларини зиёрат қилиш, саноат корхоналари фаолияти билан танишиш ҳамда бошқа тадбирлар режалаштирилган.
Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жўмарт Тўқаев мамлакатимизга амалий ташриф билан келгач, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан биргаликда Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилди.
Қадимий Бухородан 12 километр узоқликда жойлашган мажмуа минтақадаги энг муҳим зиёратгоҳлардан бири ҳисобланади. Бу ерда XIV асрнинг йирик уламоси – нақшбандия тариқатининг асосчиси Баҳоуддин Нақшбанд дафн этилган.
Ўзбек ва қозоқ халқларининг дини, маънавий қадриятлари бир. Юртимизда яшаган авлиё ва алломалар Қозоғистонда ҳам эъзозланади. Буюк аждодимиз Баҳоуддин Нақшбанд ана шундай сиймолардан биридир.

Ансамбл асрлар давомида шаклланган бўлиб, бугунги кунда унинг таркибида мақбара, Абдулазизхон томонидан зиёратчилар учун қурилган хонақоҳ, иккита масжид, шайбонийлар, аштархонийлар ва манғитлар сулолалари амирлари дафн этилган дахма, шунингдек, сўфийлик тарихига бағишланган музей ўрин олган.
Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан мажмуа янада обод қилиниб, тарихий қиёфаси тикланди. Аввало, Тоқи миёна дарвозасидан борувчи тарихий йўлак қайта таъмирланди. Тоқи миёна дарвозасининг икки ёни боққа айлантирилган. Музей ва таҳоратхона барпо этилган. Манғитлар сулоласига мансуб бўлган Бухоро оталиғи Дониёлбий қурдирган мадраса таъмирланмоқда.
Ташриф давомида Қуръон оятлари тиловат қилиниб, қардош халқларимизга тинчлик ва фаровонлик тилаб, дуо ўқилди.
