platina.uz
Tashkent Content Market — 4–5 fevral 2027, tcm.uz
Мақола

Янги очилган “Ғишткўприк” пост муаммоларни ҳал қила оладими?

Ўзбекистон–Қозоғистон чегарасидаги энг гавжум ўтиш пунктларидан бири қарийб икки йиллик реконструкциядан сўнг қайта очилди. Янги пост нимани ўзгартиради, рақамлар нимани англатади ва чегарадаги навбатлар ҳақиқатан тарихга айланадими?

Янги очилган “Ғишткўприк” пост муаммоларни ҳал қила оладими?
Фото: Platina.uz

2026 йил 25 ноябрь куни Ўзбекистон ва Қозоғистон давлат чегарасидаги “Ғишткўприк” ва “Жибек жоли” чегара божхона постларининг янги бино ва иншоотлари фойдаланишга топширилди. Маросимда Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Қўчқоров, Қозоғистон Молия вазири Мади Такиев, икки мамлакат божхона органлари раҳбарлари, Тошкент ва Туркистон вилоятлари ҳокимлари иштирок этди. Постлар шу куни соат 16:00 дан аҳоли ва транспорт воситалари учун очилди. Бу ҳақда Platina.uz мухбири Шоҳжаҳон Мажидов воқеа жойидан хабар қилди.

Янги очилган “Ғишткўприк” пост муаммоларни ҳал қила оладими?
Фото: Platina.uz

Эски пост нега торлик қила бошлади?

1991 йил 1 ноябрда ташкил этилган “Ғишткўприк" қарийб 35 йил давомида мамлакатнинг Қозоғистон билан чегарадаги энг муҳим ўтказиш пунктларидан бири бўлиб келди. Унинг аҳамияти, аввало, географиясида: бу Тошкентга энг яқин чегара пости. Қозоғистонлик сайёҳлар, қариндошларини кўргани борувчилар, кичик тадбиркорлар учун энг қисқа йўл айнан шу ердан ўтади.

Аммо йиллар ўтиб, бу афзаллик муаммога айланди. 2024 йилнинг ўзида пост орқали 11,5 миллион фуқаро ва 291 мингта енгил автомобиль ўтган. Бир йил аввал бу кўрсаткичлар 9,8 миллион ва 244 минг эди. Демак, бир йилда фуқаролар оқими қарийб 17 фоизга, енгил автомобиллар ҳаракати 19 фоизга ошган. Ҳолбуки, 6 гектарлик эски пост кунига ўртача 31 минг фуқаро, 750 та енгил автомобиль ва 70 та автобусга мўлжалланган эди.

Божхона қўмитаси Стратегик режалаштириш ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш бошқармаси бошлиғи Фарход Олимжоновнинг сўзларига кўра, туристик оқим ўтган йилга нисбатан ўртача 25 фоизга ошган. Шу боис икки томон постни бир вақтда, бир хил лойиҳа асосида реконструкция қилишга келишган. Ишлар Президентнинг 2022 йил 27 апрелдаги ПФ-122-сон Фармони ижроси доирасида 2025 йил февралида бошланди. Дастлаб тўрт ойга мўлжалланган ёпилиш охир-оқибат қарийб икки йилга чўзилди. Бу даврда “Ғишткўприкка” келган юклар “Навоий” юборилди.


Янги пост, янги имкониятми?

25 ноябрь куни Ўзбекистон ва Қозоғистон расмийлари иштирокида фойдаланишга топширилган пост 9 гектарни ташкил қилади. Фуқаролар учун йўлак 4 тадан 8 тага, енгил автомобиллар учун йўлаклар 4 тадан 18 тага, тўхташ жойлари 20 тадан 200 тага етказилган. Кунлик ўтказиш қуввати фуқаролар бўйича 31 мингдан 100 мингга, енгил автомобиллар бўйича 750 тадан 3 мингтага, автобуслар бўйича 70 тадан 400 тага ошди.

Янги очилган “Ғишткўприк” пост муаммоларни ҳал қила оладими?
Фото: Platina.uz/Божхона қўмитаси Стратегик режалаштириш ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш бошқармаси бошлиғи Фарход Олимжонов

Фарход Олимжоновга кўра, божхона пости реконструкция қилинишидан олдин бир транспорт ёки одамнинг бу ердан ўтишига ўртача 30 дақиқа вақт олган, реконструкциядан кейин эса 5-10 дақиқани ташкил қилмоқда.

“Биринчидан, йўлаклар мантиғи ўзгарди. Илгари йўлаклар параллел жойлашгани учун битта машина чуқур кўрикка олинса, унинг ортидаги бутун қатор навбатда туриб қоларди. Энди асосий йўлакларда божхона кўриги умуман ўтказилмайди: шубҳали транспорт воситаси алоҳида боксларга йўналтирилади ва у ерда юк очиб кўрилади, рентген тасвирлари таҳлил қилинади. Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Қозоғистон постлари бир-биридан атиги 10 метр масофада кўприк орқали туташтирилиб, 6 та эркин ўтиш йўлаги ташкил этилди. Автобуслар учун ҳам алоҳида йўлак ажратилди. Илгари улар енгил машиналар билан бир қаторда турарди. Энди бир вақтнинг ўзида 6 та автобусни расмийлаштириш мумкин.

Иккинчидан, текширув чегарага етиб келишдан олдин бошланади. Ички ишлар, соғлиқни сақлаш, транспорт, божхона ва чегара идораларининг маълумотлар базалари ягона хавфни бошқариш тизимига бирлаштирилди. Транспорт воситаси чегара ҳудудига кирган пайтдан бошлаб камералар орқали қайд этилади. Тизим унинг ҳаракат тарихи ва хавф даражасини таҳлил қилиб, инспекторнинг планшетида “яшил” ёки “қизил” белгини кўрсатади. Автобус йўловчилари ҳақидаги маълумот эса автовокзалда халқаро чипта сотилган заҳоти божхонага юборилади. Бу Транспорт вазирлиги билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган тизим “Smart Customs Border” деб аталган.

Учинчидан, “битта дарча” тамойили. Постда чегара, божхона, ветеринария ва карантин каби 5 та хизмат ишлайди. Аммо уларнинг барчаси бир ахборот тизимидан фойдаланади ва фуқаро фақат бир марта текширилади.

Техник жиҳозлар рўйхати ҳам шу мантиққа хизмат қилади: 3 та инспексион кўрик мажмуаси, 10 та рентген аппарати, 2 та “Body Scanner”, 6 та радиацион портал монитори, 188 та кузатув камераси. Камераларнинг аксарияти Face ID технологиясида ишлайди ва вазиятлар марказига уланган. Пост ҳудудида йўловчилар оғзаки савол бериб жавоб оладиган интерактив панеллар ҳам ўрнатилди”, — деди Фаход Олимжонов.

Мутасаддилар рентген технологиясининг амалий аҳамиятини алоҳида таъкидлади. Илгари автомобилда шубҳали нарса бўлса, уни қисмларга ажратишга ёки хизмат ити билан текширишга тўғри келган. Бу жараён ҳайдовчи учун ҳам, йўловчилар учун ҳам ортиқча оворагарчилик бўлган. Энди рентген қурилмаси яширилган нарсаларни автомобилга тегмасдан аниқлайди. Тасвирлар эса вазиятлар марказига ва Божхона қўмитасининг таҳлил марказига узатилади. Натижада назорат масофадан амалга ошади ва йўловчи кўпинча унинг ўтказилганини сезмай ҳам қолади. Шу маънода янги пост божхона тилида “интеллектуал пост” деб аталмоқда.

Муҳим жиҳати, икки томондаги шароитлар бирма-бир бир хил қилиб яратилди. “Агар фақат бир томон тезлашса, навбат шунчаки чегаранинг нариги тарафига кўчиб қоларди. Қозоғистон томони ҳам кунига 100 минг кишини қабул қила олади. Икки постни боғловчи йўловчилар галереяси эса қор-ёмғирда ҳам бино ичида ҳаракатланиш имконини беради”, — дейди мутасаддилар.


Туризм ва савдо: пост нимага хизмат қилади?

Жорий йил бошидан буён Ўзбекистонга 11,6 миллион хорижий сайёҳ ташриф буюрган. Қозоғистон эса асосий "етказиб берувчи" давлатлардан бири: йилнинг ўтган 10 ойида у ердан 2,7 миллиондан ортиқ турист келган. Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, бир сайёҳнинг мамлакатдаги ўртача харажати 250–300 доллар атрофида. Шунга кўра, фақат қозоғистонлик сайёҳлар оқими юзлаб миллион долларлик валюта тушумини англатади.

Янги очилган “Ғишткўприк” пост муаммоларни ҳал қила оладими?
Фото: Platina.uz

Савдо рақамлари ҳам шу йўналишда. Икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш 2021 йилдаги 3,7 миллиард доллардан 2025 йилда 4,6 миллиард долларга етган. 2026 йилнинг 10 ойида у қарийб 20 фоизга ўсиб, 4,4 миллиард долларни ташкил этди. Давлат раҳбарлари бу ҳажмни 2030 йилга қадар 10 миллиард долларга етказиш вазифасини қўйган. Бунинг учун эса савдо ҳажмини беш йилда қарийб икки баробардан кўпроқ ошириш керак бўлади. Бундай суръатни тезкор чегара инфратузилмасисиз тасаввур қилиш қийин.

Шу билан бирга, фуқаролар учун ўйин қоидалари ўзгармади. Бож тўламасдан олиб кириш меъёрлари икки давлатда ҳам аввалгидек: шахсий эҳтиёж учун 300 АҚШ долларигача бўлган товарлар. Фарҳод Олимжоновнинг Платина.узъга маълум қилишича, тижорат мақсадидаги, 40–50 килограммдан ортиқ юклар эса “Навоий” пости орқали расмийлаштирилади. Бу Қозоғистон томони билан келишилган.

Пост ёпиқ турган икки йил давомида юк машиналари учун қурилган “Навоий” пости енгил автомобиллар ва автобусларга банд эди, юк автомобилларини ўтказиш эса тўхтатиб қўйилганди. Энди енгил оқим ўз жойига қайтгач, декабрдан бошлаб “Навоий” пости яна юк транспорти учун ишлайди. Мутасаддиларнинг ҳисоб-китобича, бу “Яллама”, “Сирдарё” каби постлардаги юкни камайтириб, у ерда баъзан кузатилаётган тирбандликларнинг олдини олади.

Янги очилган “Ғишткўприк” пост муаммоларни ҳал қила оладими?
Фото: Platina.uz

Бошқача айтганда, янги пост фақат сайёҳлар учун қурилган бўлса-да, унинг самараси бутун чегара тизимига тақсимланади. Енгил оқим, автобуслар ва юк машиналари ҳар бири ўз йўналишига ажратилмоқда.

Албатта Божхона қўмитаси томонидан айтилган йўловчи ва автомобилларнинг 5–10 дақиқалик ўтиш вақти ҳозирча режадаги кўрсаткич. Унинг амалда қандай ишлаши байрам ва таътил мавсумларидаги ҳолат, минглаб автобус ва автомобиллар бир вақтда етиб келганда кўринади. Транзит юк оқимининг ўсиши эса бир постни янгилаш билан ҳал бўладиган масала эмас. Аммо ҳозирги қадамнинг йўналиши аниқ: чегарада назорат қаттиқлашмоқда.

Бугун фойдаланишга топширилган замонавий чегара пости шунчаки назорат инсонларни ёки автомобилларни бир мамлакатдан иккинчи мамлакатга ўтказадиган жой эмас,“Ғишткўприк” Ўзбекистоннинг дунёга очилган юзи.

Телеграмда кузатиб боринг!

Тавсия этамиз

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid