Халқ банки пенсия тарқатиш бўйича ваколатини расман йўқотди
Марказий банк қарори билан ушбу йўналишдаги иккита қарор ўз кучини йўқотган.

Ишламайдиган пенсионерларга тўловларни ташкил этиш бўйича Халқ банкининг ваколатлари расман ўз кучини йўқотди.
Бу ҳақда 30 март куни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Марказий банк қарори имзоланган. Унга кўра, 2018 ва 2019 йилдаги йўриқномалар ўз кучини йўқотган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 29 октябрдаги 714-сон “Фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари такомиллаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ пенсия тайинлаш ва тарқатиш бюрократиядан холи бўлган.
Хусусан:
- пенсияларни тайинлаш ҳамда тўлаш тартибларини рақамлаштириш орқали ортиқча бюрократик тўсиқлар бартараф этилган;
- пенсия тайинлангани тўғрисида қоғоз кўринишидаги гувоҳнома бериш амалиёти бекор қилингани муносабати билан махсус ахборот тизими орқали электрон шаклда маълумотлар шакллантирилган;
- пенсия миқдорлари товарлар ва хизматларнинг истеъмол нархлари индекси даражасини ҳисобга олган ҳолда индексация қилиб бориляпти.
