platina.uz

“Халқ банки”нинг бухоролик мансабдори катта пулни ўзлаштирди

Жиноят ишлари бўйича Нурота туман судида катта маблағни ўзлаштирган собиқ банкир ва унинг шеригига суд ҳукми ўқилди. 

Жамият
6 апрель, 17:34
“Халқ банки”нинг бухоролик мансабдори катта пулни ўзлаштирди

Жиноят ишлари бўйича Нурота туман судининг очиқ судида катта миқдордаги кредит маблағларини ўзлаштириб юборган шахсларга ҳукм ўқилди. Улар бири М.М АТ “Халқ банки” Бухоро шаҳар филиали бошқарувчиси ўринбосари лавозимида ишлаган. Суд ҳукми Platina.uz`да мавжуд.

Суд ҳужжатида айтилишича, М.М 2018-2021 йилларда АТ “Халқ банки” Бухоро вилояти Бухоро шаҳар филиали бошқарувчиси ўринбосари – кредитлар мониторинги ва муаммоли кредитлар билан ишлаш бўлими бошлиғи лавозимида фаолият юритган. У яна бир айбланувчи Ш.Э ва бошқа бир МЧЖ раҳбари билан тил бириктириб “ғишт ишлаб чиқариш учун айланма печ қуриш мақсадида қурилиш моллари сотиб олиш учун” 900 млн. сўм миқдоридаги мақсадли кредит ажратиб, ушбу пулларни келгусида нақдлаштириб олиб, қўлга киритишни режалаштирган. Жиноий шериклар 36 ой муддатга 6 ойлик имтиёзли давр билан йиллик 28 фоиз устама ҳақи тўлаш шарти билан 900 млн.сўм миқдорида кредит маблағларини ажратилишига эришиб, аввал 425 млн. сўм, сўнгра 75 млн. сўмни сохта ҳужжатлар орқали тўғрилаб, банкнинг 500 млн. сўмини талон-торож қилган.

Шу каби судланувчи М.М. ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, жиноий шериги Ш.Э га тўлов маълумотномаларига унинг розилиги билан имзо ва муҳр қўйдириб олган. Пул маблағлари кўчирилган “Temur Qobil” МЧЖ ва “Gala Osiyo Trans Logistik” МЧЖларга кўчирилган жами 500 млн. сўм миқдоридаги кредит маблағлари эвазига ушбу жамиятлар томонидан маҳсулот етказиб берилмаганлиги ва хизмат кўрсатилмаганлиги аниқланган.

Судланувчилар М.М ва Ш.Э.ларнинг айби, шунингдек жиноят ишининг суриштирув ва тергов ҳужжатлари билан
МЧЖлар ҳисоб рақамларидаги пул маблағлари айланмаси, тушунтириш хатлари, сўроқ қилиш баённомалари ҳамда жиноят ишида мавжуд бўлган бошқа объектив далиллар билан тўлиқ исботланди. Шунингдек, улар етказилган зарарни тўлиқ қоплагани жазони енгиллаштирувчи ҳолат дея топилди.

ЖКнинг 167- моддаси 4-қисмидаги “Етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди” деб кўрсатилган қонун нормасига риоя этилиб, судланувчиларга қуйидагича жазолар тайинланди:

- М.Мга ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан ЖКнинг 45-моддасини қўллаб, 2 (икки) йил муддатга муайян ҳуқуқдан, яъни Банк тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда, 2 (икки) йил 6 (олти) ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

- Ш.Э.га эса узил-кесил иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда, 2 (икки) йил 7 (етти) ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси берилди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+