platina.uz
Tashkent Content Market — 4–5 fevral 2027, tcm.uz
Жамият

Уй талашиб, ота-онасини ёқиб юборишга уринган эркакка ҳукм ўқилди

У ота-онаси ётоқхонада эканидан фойдаланиб, хона эшигини қулфлаган. Кейин хонадоннинг даҳлиз қисмига бензин сепиб, ўт қўйган ва воқеа жойидан қочиб кетган.

Уй талашиб, ота-онасини ёқиб юборишга уринган эркакка ҳукм ўқилди

Бухорода онасига тегишли хонадонни ўз номига расмийлаштиришни талаб қилиб, рад жавобини олгач, ота-онасини ёқиб юборишга уринган эркак 15 йилу 6 ойга қамалди. Бу ҳақда “Дарё” нашри суд ҳужжатига асосланиб хабар берди.

Аниқланишича, 1997 йилда Бухоро шаҳрида туғилган Х.Н. хусусий корхоналардан бирида ҳайдовчи бўлиб ишлаган. У муқаддам судланмаган, оилали ва бир нафар фарзанди бор.

2026 йил 15 май куни соат тахминан 21:18 да Х.Н. онаси Х.А.дан Бухоро шаҳридаги хонадонни ўз номига ўтказиб беришни талаб қилган. Онаси бунга рози бўлмагач, улар ўртасида жанжал келиб чиққан. Шундан сўнг аёл 112 қисқа рақами орқали ички ишлар органларига мурожаат қилган.

Мурожаат Бухоро шаҳар ички ишлар органлари томонидан кўриб чиқилаётган вақтда Х.Н. ходимларга онаси билан ярашганини билдирган. Бу бўйича тегишли далолатнома расмийлаштирилган.

Бироқ орадан кўп вақт ўтмай, уй-жой масаласида яна келишмовчилик келиб чиққан. Х.Н. хонадонни ўз номига расмийлаштира олмагани, шунингдек, ота-онаси унинг турмуш ўртоғини доимий равишда камситиб келгани билан боғлиқ келишмовчиликлар ортидан ғазабланиб, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчасидан 1,5 литрли пластик идишда бензин, дўкондан эса гугурт сотиб олган.

Ўша куни соат тахминан 23:20 да у ота-онаси билан уй-жой масаласида яна гаплашган. Суҳбат давомида онаси хонадонни унинг номига ўтказиб беришдан яна бош тортган ва жанжал қайта авж олган.

Шундан сўнг Х.Н. автомобилидаги бензин ва гугуртни олиб келган. Ота-онаси ётоқхонада эканидан фойдаланиб, хона эшигини қулфлаган. Кейин хонадоннинг даҳлиз қисмига бензин сепиб, ўт қўйган ва воқеа жойидан қочиб кетган.

Ёнғин бошлангач, жабрланувчилар ётоқхона эшигини синдириб чиқишга муваффақ бўлган. Улар атрофдагилар ёрдамида хонадондан ташқарига олиб чиқилган.

Ҳодиса оқибатида ота-она танасининг турли қисмларидан куйиш жароҳатлари олган. Уларга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилиб, ҳаёти сақлаб қолинган.

Ёнғин натижасида онасига тегишли хонадонга 75 миллион 570 минг сўм, кўп қаватли уйнинг кириш йўлагига 11 миллион 441 минг сўм, бошқа хонадон эгаларига эса 5 миллион 386 минг сўмлик моддий зарар етказилган.

Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг 2026 йил 21 сентябрдаги ҳукми билан Х.Н. Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси 2-қисми «а», «в», «д», «ж», «и» бандлари (Қасддан одам ўлдириш) ҳамда 173-моддаси 2-қисми «б» банди (Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) билан айбли деб топилган.

Унга Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида тайинланган жазолар қисман қўшилиб, узил-кесил 15 йилу 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Х.Н. ҳукмдан норози бўлиб, биринчи инстанция суди ҳукми устидан апелляция шикояти берган. Аммо унинг даъвоси қаноатлантирилмади.

Телеграмда кузатиб боринг!

Тавсия этамиз

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid