Президент: "Бундан буён “камбағал оила қолмади” деган ҳисобот ўтмайди"
Бухорода вилоят бўйича ишсизлар сони 40 мингга яқин, яна 270 минг нафар аҳолининг даромади ўртача кўрсаткичдан паст экани қайд этилди.

Бухоро вилоятидан 99 минг нафар фуқаро меҳнат миграциясида. Хориждан қайтган 24 минг киши ҳали иш топмаган. Вилоят бўйича ишсизлар сони 40 мингга яқин, яна 270 минг нафар аҳолининг даромади ўртача кўрсаткичдан паст.
– Бундан буён “камбағал оила қолмади” деган ҳисобот ўтмайди,– деди Президентимиз.
Масъулларга хорижда кам иш ҳақига ишлаётган юртдошларимизни касбга ўқитиб, юқори даромадли ишга жойлаштириш, 270 минг нафар аҳолининг даромадини ўртача ва ундан юқори даражага олиб чиқиш бўйича туманлар кесимида режа ишлаб чиқиш топширилди.
Бухорода туризм мавсуми тўрт ойдан ортиқроққа узайтган. Президентимиз йилнинг қолган даврида ҳам сайёҳларни жалб қиладиган янги тадбирлар ва туризм маҳсулотларини таклиф этиш зарурлигини таъкидлади.
Келаси йил вилоятда 30 га яқин халқаро тадбир ўтказиш режалаштирилган. Шу билан бирга, ҳозир Бухорода беш юлдузли меҳмонхона йўқ, йирик савдо ва кўнгилочар масканлар ҳам етарли эмас. Мавжуд хизматларнинг асосий қисми Бухоро шаҳрида жамланган.
– Сервис таклифи талабга мос эмас,– деди мамлакатимиз етакчиси.
Сайёҳлар сонини ошириш учун жойлаштириш, савдо, дам олиш ва саёҳат хизматларини вилоят туманларида ҳам ривожлантириш зарурлиги қайд этилди.
Масъулларга хорижлик туристлар сонини 7 миллионга етказиш бўйича ойма-ой режа тайёрлаш вазифаси қўйилди. Унда қайси давлатлардан сайёҳ жалб этилиши, қандай янги турпакетлар ва тадбирлар таклиф қилиниши, туманларда қайси объектлар ишга туширилиши аниқ кўрсатилиши лозим.





