"Бизнинг юзимиздан фойдаланишди": Шаҳзода Муҳаммедова Imarat атрофидаги ишлар бўйича изоҳ берди
Унга кўра, компаниядаги вазиятга Марат Ҳамдамов эмас, бошқа бир таъсисчи Жасур Азизов айбдор. У компанияга тушган пуллар эвазига Лондондан 12 млн долларлик кўчмас мулк харид қилгани айтилмоқда.

Бир неча кун аввал суд томонидан қамоққа олишга санкция берилган Imarat компанияси таъсисчиси Марат Ҳамдамовнинг турмуш ўртоғи Шаҳзода Муҳаммедова видеобаёнот билан чиқди. У компания атрофида юзага келган вазият сабабини тушунтиришини маълум қилган.
Муҳаммедовага кўра, компаниядаги вазиятга Марат Ҳамдамовнинг шериги, бошқа бир таъсисчи Жасур Азизов айбдор. Марат Ҳамдамов компанияга инвестор сифатида келган.
"Жасур Азизов ўз жамоаси билан мен ва турмуш ўртоғимнинг юзидан фойдаланди. Аслида компаниянинг амбассадори мен эдим. Марат Ҳамдамов инвестор эди, қурилиш жараёнини бошқарди. Азизов эса хориждаги мулклари билан овора бўлиб, чет элда юрди. У ҳатто компания пулларига Лондондан 12 млн долларга мулк сотиб олган. Бизда эса Дубайдаги уйимиз ҳам, ҳайдаб юрган машинамиз ҳам номимизда эмас. Ҳаммаси Жасур Азизовнинг номида. Агар биз товламачи бўлганимизда, пулларни ечиб аллақачон чет элга кетган бўлмасмиди? Биз ўйин қурбони бўлдик. Юзага келган вазиятда кимдир қурбон бўлиши керак эди. Азизов эса Марат Ҳамдамовни қурбон қилмоқчи бўлди. Бироқ мен Ўзбекистонда адолат борлигига ишонаман" дейди Муҳаммедова.
У Жасур Азизовга қарши ўзида далиллар борлигига ва улари очиқлашини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, Марат Ҳамдамов бир неча кун аввал процессуал тартибда ушланганди. Кейин суд унга қамоққа олиш бўйича чора кўриш ҳақида ҳукм чиқарди.





