Малайзия ёқилғи инқирози фонида давлат хизматчиларини масофадан ишлашга ўтказади
15 апрелдан бошлаб вазирликлар, агентликлар ва ҳукуматга боғлиқ компаниялар учун уйдан ишлаш тартиби жорий қилинади.

Малайзияда Яқин Шарқ уруши оқибатида юзага келган ёқилғи инқирози сабаб давлат ходимлари масофадан ишлашга ўтади.
15 апрелдан бошлаб вазирликлар, агентликлар, қонуний органлар ва ҳукуматга боғлиқ компаниялар учун уйдан ишлаш сиёсати жорий қилинади, деди Бош вазир Анвар Иброҳим.
1 апрел куни кечқурун чиққан бош вазир баёноти Жануби-Шарқий Осиё давлати Яқин Шарқ урушининг глобал ёқилғи таъминотига таъсирини ҳис қила бошлаган бир пайтда ээълон қилинди.
"Вазирлар Маҳкамаси уйдан ишлаш тартибига рози бўлди. У ёқилғи сарфини камайтириш ва барқарор энергия таъминотини таъминлашга қаратилган", деди Анвар Иброҳим махсус брифингда.
Бош вазир тафсилотларни айтмади ва яқин орада қўшимча янгиликлар эълон қилинишини айтди.
Малайзия ёқилғини катта миқдорда субсидиялайди, фуқаролар бензиннинг бир литри учун атиги 1,99 ринггит (0,49 АҚШ доллари) тўлайдилар.
Аммо глобал миқёсда хом нефт нархлари кўтарилиб, Эрон муҳим Ҳормуз бўғозини ёпиб қўйганлиги сабабли, Анвар Иброҳим субсидияланган ёқилғи квотаси ойига 300 литрдан 200 литргача қисқартирилишини айтди.
Субсидияланмаган ёқилғи нархлари глобал бозор нархларига амал қилишда давом этади.
Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Ҳасан ўтган ҳафта Petronas, Sapura Energy ва MISS денгиз фирмасига тегишли танкерлар бўғоздан хавфсиз ўтиш учун рухсат кутаётганини айтди.
Транспорт вазири Энтони Лок Малайзия кемалари Эрон томонидан жорий этилган ҳар қандай божлардан озод қилинишини қўшимча қилди.
"Биз дўстона томонмиз. Биз Эрон ҳукумати билан яхши дипломатик муносабатларга эгамиз", деди у Теҳрон кемаларнинг ўтишига рухсат беришига ишонч билдирар экан.
Ўтган ҳафта телевидениедаги нутқида Анвар Иброҳим Эрон президенти Масуд Пезешкиёнга Малайзия нефт танкерлари ва уларнинг экипажларига уйга қайтишга рухсат бергани учун миннатдорчилик билдирганди.
