Яқин Шарқдаги занжир реакцияси ёхуд Ҳусийлар нимани истайди?
Ҳусийлар тамғасида шундай ёзувлар қизил ҳарфда битилган: “...Америкага ўлим! Исроилга ўлим! Яҳудийларга лаънат бўлсин!...”
“Жодугарлик бир бошланмасин, бошланса, тўхтатиб бўлмай қолади”.
Михаил Булгаковнинг “Уста ва Маргарита” асаридан.
Исроил-Фаластин можаросининг янги кескинлик палласига ўтгани кўплаб “маддалаган”, аммо ёрилмаган геополитик муаммоларни очиб ташлади.
Жумладан, Исроилнинг иштаҳаси ва келажакдаги мақсадлари ошкор бўла бошлади. Масалан, шу пайтгача террорчиликка қарши ва ўз хавфсизлиги учун курашаётганига дунёни ишонтиришга уринаётган Исроилнинг асл мақсади – Ғазо секторини бутунлай аннексия қилиш, унинг аҳолисини эса бошқа давлатларга “тарқатиб” юбориб ёки ўлдириб-қириб, йўқ қилиш экани маълум бўлиб қолди. Бу ҳақда Исроил масъул шахслари очиқ баёнот беришдан тортинмай қўйди. Чунки Исроил ўз жиноятларининг жазосиз қолишига ишонади, орқасида турган қудратли ва бой яҳудийлар лоббиси мавжуд АҚШ ва Ғарбнинг ҳар қандай шароитда уни қутқаришига шубҳа қилмайди.
Шарқий Европада бошланган занжир реакцияси
Россиянинг Украинага бостириб кириши халқаро ҳуқуқ тизимида ёмон прецедент ясади. Кейин Тоғли Қорабоғ уруши, Исроил-Фаластин можароси, Шимолий ва Жанубий Корея қуролли зиддиятлари... Энди эса Эрон қўллаб-қувватлаётган шиа жангари гуруҳлари ҳам фаоллашиб қолди. Улар Фаластин муаммоси “қарта”сидан сиёсий популизм йўлида фойдаланишмоқда. Бу можарога бошқа давлатларга ҳужумлар ва легитим ҳукуматларга қарши исёнлар учун “казус-белли” сифатида қарашмоқда.
Эрон ҳукуматининг ва у молиялаштирадиган Ҳизбуллоҳ шиа жангариларининг Исроилга қарши мунтазам “похол дўқ”лари гарчи бир тийинга қиммат, аҳамиятсиз ва таъсирсиз туюлса-да, бир қадар фаолият имитациясига сабаб бўлмоқда. Минтақадаги шиа кучлари ўзларини Фаластин тарафдори (аслида эса шунчаки АҚШ ва Исроил душмани– муаллиф) этиб кўрсатишга уриняпти.
Эрон, шунингдек, Афғонистонда ИШИДга қарши эҳтимолий операцияга ҳозирлик кўрмоқда. Эроннинг Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) бўлинмалари Афғонистон билан чегарадаги Сиистон ва Балужистон вилоятларига фаол ўтказила бошланди. Бироқ бу хабар ҳозирча бирор ишончли манбалар орқали тасдиқланмаган.
Бунга эса Ироқдаги намойишларни шафқатсиз бостирган, АҚШ ҳарбийлари ва Исроилга ҳужумларда айбланган, Сурияда шиа ҳамда алавий (халифа Алини худо деб ҳисоблайдиган секта – муаллиф) президент Башар Асадга мухолиф сунний мусулмонларни оммавий равишда ва шафқатсиз қириб ташлагани билан машҳур бўлган Эрон генерали, Путинни Сурияда ҳарбий ҳаракатлар олиб боришига кўндирган ва кўмаклашган марҳум Қосим Сулаймоний сабабчи. Аниқроғи, унинг қабри олдида юз берган, 80 кишининг ҳаётига завол бўлган портлаш сабабчи. Эрон расмийлари бу портлаш ортида ҳам АҚШ ва Исроил турибди, дея ғавғо кўтаришди. Бу икки давлат ҳам портлашга алоқаси йўқлигини маълум қилди. Кейинчалик портлаш учун жавобгарликни ИШИД жангарилари ўз зиммасига олди.
Натижада, Эроннинг Қум шаҳридаги Жамкарон масжиди тепасида “қасос байроғи” кўтарилди. Бу масжид устидан охирги марта қасос қизил байроғи 2020 йил 3 январда Қосим Сулаймоний ўлдирилганидан кейин кўтарилган эди. У эронликлар Сулаймонийнинг ўлдирилиши учун ўч олиш мақсадида Ироқдаги Американинг Айн ал-Асад базасига баллистик ракеталар билан ҳужум қилганидан кейин олиб ташланган эди.
Янги кўтарилган қасос байроғи эса Эронинг Афғонистонда ИШИДга қарши урушидан дарак бермоқда. Шу боис жафокаш қўшнимиз ҳудудида яна бир ҳарбий-сиёсий “ўйинчи” – ИИҚК аскарлари пайдо бўлиши мумкин. Афғонистонда бегона давлатга тегишли қуролли тўдалар, яна тағин шиа жангарилари “хўжайинчилик” қилиши эса, табиийки, сунний толибларга умуман ёқмайди. Ҳатто Марказий Осиё давлатларига ҳам таҳдид қилиб, Қўштепа каналини қуришга потенциал қарши кучларни назарда тутган ҳолда, “ким бизга қарши бўлса, қўлини синдирамиз”, дея “хўрозланаётган” Толибон учун яна бир муаммо – кучли ҳамда қатъиятли жангари рақиб шаклланаётган кўринади.
АҚШ очган “пандора қутиси”
Умуман олганда, Яқин Шарқда шиа жангариларининг фаоллашувига бир жиҳатдан АҚШ ҳам сабабчи.
Аҳолисининг ярмидан зиёди шиа оқимига мансуб Ироқда ҳарбий амалиёт ўтказиб, сунний президент Саддам Ҳусайнни ағдарган америкалик ҳарбийлар ҳукумат таркибида диверсификация ва инклюзивликни таъминлаш мақсадида бу ердаги шиаларни ҳукумат тепасига чиқаришди. Натижада Ироқ ҳам де-факто ундаги шиа жангариларини қўллаб-қувватловчи Эрон таъсири остига тушиб қолди.
Қолаверса, минтақада шиа террорчиларининг уйғониши ва фаоллашуви Ямандаги Ҳусийларнинг ҳам “қўлтиғига сув пуркаяпти”.
Маълумки, Ҳижоз ярим оролида жойлашган Яман аҳолисининг қарийб 40 фоизини ташкил этувчи, мамлакат шимолида яшовчи зайдий-жорудий шиалар анча йиллардан бери мухторият талаб қилиб келишади. Мазкур аҳоли қатлами вакиллари Эрон қўллаб-қувватлаётгани тахмин қилинадиган Ҳусийлар ёки “Ансоруллоҳ” жангари гуруҳини тузишган. Улар Яманни бошқараётган сунний кўпчиликни коррупцияда, шунингдек, АҚШ билан ҳамкорлик қилишда айблаб, ағдариб ташлашга, ҳокимиятни қуролли тўнтариш билан эгаллашга интилиб келади.
Яманнинг легитим ҳокимияти эса Ҳусийларнинг асосий мақсади – 1962 йилда тахтдан ағдарилган Зайдий шиа подшоҳлар сулоласинини қайта тахтга олиб келишдан иборат, деб изоҳлашади.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, мазкур жангарилар тўдаси уни 1994 йилда тузган ва раҳбарлик қилган, 2004 йил сентябрда Яман армияси томонидан ўлдирилган шиа имоми Ҳусайн Бадруддин Ал-Ҳусий шарафига Ҳусийлар деб аталади.
Ҳусийларнинг 2004 ва 2009 йиллардаги исёнлари деярли муваффақиятсиз тугаган. Лекин 2014 йилда, Яман ҳукуматининг иддао қилишича, Эрон ва Ироқдаги шиалар, жумладан, Ҳизбуллоҳ томонидан ҳарбий-молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватланган қўзғолон натижасида Ҳусийлардан иборат “Ансоруллоҳ” қуролли гуруҳи жангарилари ҳукумат армиясига қарши уришиб, пойтахт Сано шаҳридаги президент саройини эгаллашди. Шу йили 21 январ куни ўт очишни тўхтатиш ҳақида битим имзоланиб, Яман ҳукумати федератив давлат тузишга ва ҳукуматда барча аҳоли қатламлари, шу жумладан, Ҳусийларнинг ҳам вакиллари бўлишини таъминловчи янги конституцияни шакллантиришга келишиб олинган эди.
Кейинчалик, шиалар Инқилоб қўмитасини тузишди. Бу қўмита ҳозирда де-факто Яманни бошқариб келмоқда. Бу қўмита президенти Муҳаммад Али Ал-Ҳусий бўлиб, унинг сиёсий ҳокимиятининг легитимлиги халқаро даражада тан олинмаган.
Яманнинг легитим президенти Абдурраббу Мансур Ҳодий эса 2012 йилдан 2022 йилгача расман давлатни бошқарган бўлса-да, шиа исёнчиларининг Олий сиёсий кенгаши 2015 йилдан бери унинг легитимлигини тан олмайди. 2022 йил 7 апрелда Ҳодийнинг фармони билан президентлик ваколатларини қабул қилиб олган Ришод Муҳаммад Ал-алимий эса де-факто қувғиндаги давлат раҳбари ҳисобланади. Қисқа қилиб айтганда, айни пайтда Яман, аниқроғи, унинг каттагина қисми Ҳусийлар назорати остида.
Ҳусийлар нега фаоллашди?
Ҳусийлар тамғасида шундай ёзувлар қизил ҳарфда битилган: “...Америкага ўлим! Исроилга ўлим! Яҳудийларга лаънат бўлсин!...” Бу шиорларни унинг стратегиясига баҳо берувчи энг қисқа шарҳ, деб аташ ҳам мумкин.
2023 йил 7 октябрда бошланган Исроил-Фаластин можароси яна Ҳусийларни дунё янгиликларининг биринчи қаторига олиб чиқди: улар Исроилга қарши эканликларини очиқ баён этиб, амалий қадамлар ҳам қўя бошлади.
Жумладан, ўтган йилнинг 19 октябр куни, Исроил Ғазода жавоб операциясини бошлаганидан кўп ўтмай, ҳусий исёнчилар Исроил томон бир нечта ракета отиб, учувчисиз учоқларни йўллашди.
Шунингдек, ноябр ойида Ҳусийлар Қизил денгизда Исроилга тегишли юк кемасини ўғирлаб, Яман қирғоқларига олиб кетишганини билдиишди. Исроил ўшанда кема Исроилга тегишли эмаслигини, қолаверса, унинг экипажи орасида исроилликлар йўқлигини айтган, бироқ тасдиқланмаган маълумотларга кўра, кеманинг эгаси исроиллик бўлиши мумкин.
Ҳусийлар, шунингдек, сўнгги икки ой ичида ракета ва учувчисиз бошқариладиган самолётлар ёрдамида бир қанча тижорат кемаларига ҳужум қилишган. Aмерика, Британия ва Франция ҳарбий кемаларининг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ушбу ракеталарнинг кўп қисмини тутиб олишди, бироқ бир неча кема зарар кўрди.
Ҳусий исёнчилар Қизил денгиз орқали Исроилга йўл олган ҳар қандай кемаларга ҳужум қилишда давом этиш, Қизил денгиз сувлари остидан ўтган муҳим оптик толали кабелларини портлатишлари ҳақида таҳдидли баёнотлар беришдан тўхтамаяпти.
Сўз исботи билан деганларидек, бошланган янги йилнинг 2 январида Ҳусийларнинг АҚШ ҳарбий кемасига қанотли ракеталар билан ҳужум қилгани маълум бўлди. Бироқ кемага зарар етмаган. Кема мудофаа тизими 13 та ракетани ҳавода уриб туширган. Бундай ҳимоя АҚШга қимматга тушди: улар ҳужумга қарши 180 та SM-3 бошқариладиган зенит ракеталарини отишга мажбур бўлишган. Бу ракетанинг ҳар бири камида 2 миллион доллар туради! Шу тариқа Ҳусийларнинг ҳужуми АҚШга деярли ярим миллиард долларга тушган.
Бунга жавобан, Қўшма Штатлар Қизил денгиздаги ҳарбий кемаларининг бир қисмини тўхтатганини айтди. Шунингдек, деярли барча ташувчи компаниялар ўз кемаларини Қизил денгизни четлаб ўтиш учун қайта йўналтиришга мажбур бўлмоқда. Бу эса товарлар етказиб бериш муддатларининг узайиши, суғурта харажатларининг ортиши ва натижада, товарлар нархининг ошишига сабаб бўлади.
AҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий амалиётларини бошқарадиган CENTCOM (United States Central Command) ҳарбий агентлиги мулозими шундай деган: "Бу ҳужумлар Ямандан Ҳусийлар томонидан амалга оширилган бўлса-да, уларни Эрон тўлиқ қўллаб-қувватламоқда".
AҚШ тижорат кемаларини Ҳусийларнинг кейинги ҳужумларидан ҳимоя қилиш учун денгиз кучларини яратишни таклиф қиляпти. Вашингтон, шунингдек, Ҳусийлар ҳаракатини террорчилик гуруҳлар рўйхатига киритиш масаласини ҳам кўриб чиқмоқда.
Ҳусийларни ким қўллаб-қувватлайди?
Ҳусийлар Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ”(унинг ҳам ҳомияси Эрон – муаллиф) шиа қуролли гуруҳи тузумини ўзларига намуна сифатида олишган.
Aмериканинг Терроризмга қарши кураш маркази тадқиқот институтига кўра, Ҳизбуллоҳ 2014 йилдан бери Ҳусийларга жангчиларни тайёрлашда ёрдам бериб келади. Ҳусийлар Эронни ўзларига иттифоқчи деб билишади, чунки Саудия Арабистони уларнинг умумий душмани.
Теҳрон Ҳусийларга қурол етказиб беришда ҳам гумон қилинмоқда. Хусусан, AҚШ ва Саудия Aрабистони Ҳусийлар томонидан Саудия Aрабистони пойтахти Aр-Риёдга отиш учун фойдаланилган баллистик ракеталарни Эрон 2017 йилда етказиб берганини билдирмоқда.
Бундан ташқари, Саудия Aрабистони Эронни Ҳусийлар 2019 йилда Саудиянинг нефт объектларига ҳужум қилиш учун фойдаланган қанотли ракеталар ва учувчисиз парвоз аппаратлари етказиб беришда айблаган. Ўшанда Ҳусийлар Саудия Aрабистонига ўн минглаб қисқа масофали ракеталарни учириб, БAAдаги нишонларга ҳам ҳужум қилган эди. Ушбу қуролларни етказиб бериш БМТнинг бундай фаолиятга нисбатан қўйган эмбаргоси талабларига зид. Эрон Ҳусийларга қурол етказиб беришини рад этиб келади.
Ҳозир вазият қандай?
Ҳозирда Яман аҳолисининг аксарияти Ҳусийлар назорати остидаги ҳудудларда яшайди. Қўзғолончилар мамлакатнинг шимолий қисмида солиқ йиғиш билан бирга, пул ҳам зарб этишмоқда. Улар “Ал-Масира” номли ўз телеканалига эга. Бу телеканал дастурлари Мисрнинг Nilesat сунъий йўлдоши ва Россиянинг (!) “А.С.Попов номидаги Экспресс АМ44” сунъий йўлдоши орқали бутун дунёга узатилади.
БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Ҳусийлар бўйича эксперти Aҳмад ал-Баҳрийнинг билдиришича, 2010 йилга келиб, Ҳусийларнинг 100 мингдан 120 минггача тарафдорлари, жумладан, қуролли гуруҳлари аъзолари бўлган. БМТнинг билдиришича, Яман исёнчилари томонидан ёлланган 1500 дан ортиқ болалар 2020-2021 йиллардаги жангларда ҳалок бўлган.
Ҳозирда Ҳусийлар Қизил денгиз соҳилининг муҳим қисмини назорат қилади ва у ердан кемаларга ҳужум уюштириб туради. Бу ҳужумларни амалга ошириш қобилияти уларга Саудия Aрабистони билан тинчлик музокараларида савдолашиш имкониятини беради, дейишади экспертлар.
Айни пайтда эса, халқаро Politico нашрига кўра, АҚШ расмийлари Яқин Шарқда урушга тайёргарлик кўрмоқда. Ҳарбийлар Ямандаги ҳусий нишонларига ҳужум қилиш режаларини ишлаб чиқмоқда, разведка эса Ироқ ва Суриядаги эронпараст гуруҳларнинг ҳужумларини қайтаришга тайёрланмоқда.
Хулоса ўрнида таъкидлаш керакки, айрим мусулмонларнинг “Ҳусийлар яҳудийларга қарши курашяпти, демак, улар Фаластин ва умуман мусулмонлар халоскори ва қаҳрамони”, деган эйфория кайфиятидаги тахминлари мутлақо асоссиз. Ҳусийларга фаластинликлар ва мусумонларнинг умуман қизиғи йўқ. Улар Эрон ва умуман шиа жангари гуруҳларининг Исроил ва АҚШга қарши деярли ярим асрлик курашини давом эттиришяпти холос. Ҳусийлар барча суннийларни, Саудия Арабистони ва ҳатто сунний бўлгани учун ИШИДни ҳам ўзларига душман, деб билишади. Ҳусийларнинг барча сиёсий ва ҳарбий ўйинлари минтақадаги сиёсий вазиятни издан чиқариш, музокаралар учун имкониятлар эшигини ёпиш, тинчликка рахна солишга хизмат қилади холос. Фаластин муаммоси эса бу кураш “торти” устидаги олча холос. Эрон теократик ҳукуматининг 1969 йилдан бери Фаластинни озод қилиш учун эмас, суннийларга қарши (Эрон-Ироқ урушини ҳамда Саудия Арабистони билан зиддиятларни эсланг – муаллиф) кураш билан банд бўлгани фикримизга далилдир. Ҳусийлар эса шунчаки Эроннинг ташқи ҳарбий амалиётлари тизимидаги бир қўғирчоқ. Қўғирчоқбоз қилмаган ишни қўғирчоқдан кутиш эса мантиққа тўғри келмайди.
Абулфайз Сайидасқаров шарҳлади.