Ўзбекистон ҳарбийлари АҚШда рекорд натижалар билан ғалаба қозонди
Халқаро ҳарбий ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва махсус бўлинмаларда хизмат қилиш нуфузини ошириш каби мақсадларда ташкил этилган мусобақада ҳарбий хизматчиларимиз АҚШ Миллий гвардиясининг Махсус бўлинмалари ҳарбий хизматчилари билан куч синашишди.

“Энг илғор жангчи – 2026”: Ўзбекистон ҳарбийлари АҚШда рекорд натижалар билан яна бир бор ғалабани қўлга киритди.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари кичик сержант Саломов Илҳом ва III-даражали сержант Авлаев Турдимурод жорий йилнинг 16–18 март кунлари АҚШнинг Миссисипи штати “Camp Shelby” ҳарбий-ўқув базасида бўлиб ўтган “Энг илғор жангчи–2026” мусобақасида иштирок этишди.
Халқаро ҳарбий ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва махсус бўлинмаларда хизмат қилиш нуфузини ошириш каби мақсадларда ташкил этилган мусобақада ҳарбий хизматчиларимиз АҚШ Миллий гвардиясининг Махсус бўлинмалари ҳарбий хизматчилари билан куч синашишди.
Мусобақа давомида ҳарбий хизматчиларимиз якка таркибда жисмоний тайёргарлик синовлари (8 та машқни ўз ичига олган Фитнес тест), жисмоний ва руҳий зўриқишларни ечишга қаратилган мажмуавий тўсиқлар йўлагидан ўтиш, тунда 15 километр масофага ориентирлаш, 20 килограм юк билан 20 километр масофага марш югуриш, жанговар ва умумий тайёргарлик бўйича тест синовлари, иншо ёзиш (ҳарбий ҳамкорлик мавзусида 500 тадан кам бўлмаган сўз), артиллерия оловини бошқариш, НАТО намунасидаги ўқотар қуролларни нотўлиқ қисмларга ёйиш, йиғиш ва жанговар ҳолатга келтириш, шунингдек, улардан турли усул ва шароитларда ўқ отиш, тиббий тайёргарлик, номаълум ҳудудга вертолёт авиациясини чақиш ва унинг ёрдамида объектга етиб бориб арқон ёрдамида тушиш ҳамда кутилмаган (сюрприз) машқлар каби 13 та шартларни муваффақиятли бажардилар.
Жумладан, ҳарбий хизматчиларимиз жамоавий баҳс — 20 килограм юк билан 20 километр масофага марш югуриш шартини 1 соат 48 дақиқа ичида бажарди. Шуниндек, якка тартибдаги баҳсларда III-даражали сержант Авлаев Турдимурод жисмоний ва руҳий зўриқишларни ўзида жамлаган мажмуавий тўсиқлар йўлагини 10 дақиқаю 34 сонияда босиб ўтган бўлса, кичик сержант Саломов Илҳом тунда 15 километр масофага ориентирлаш шартини 59 дақиқада бажаришга муяссар бўлди.
Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур шартларнинг барчасида ҳарбий хизматчиларимиз мусобақа рекордини янгилади.
Якунда ҳарбий хизматчиларимиз мусобақанинг махсус соврини билан тақдирланишди. Бу дастлабки ютуқ эмас, албатта. Мазкур мусобақада ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар 2019 йилдан бери муваффақиятли қатнашиб, ҳар бирида иштирокчилардан мутлақ устунлик билан ғолибликни қўлга киритиб келади.
Маълумот учун 22 март куни ғолиблар пойтахтимиздаги Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинади.
